Қозоғистонда БМТ ҳарбий кузатувчилари тайёрланмоқда

Қозоғистонда БМТ ҳарбий кузатувчилари тайёрланмоқда

Қозоғистонда илк марта БМТ ҳарбий кузатувчиларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Улар учун Мудофаа вазирлиги қошидаги Тинчлик ўрнатиш амалиётлари марказида пилот курслари очилди. Ҳарбий хизматчилар назарий билимлар билан бирга халқаро қонунчиликни ҳам  синчиклаб ўрганади. Шу жумладан, тинчлик ўрнатиш фаолиятига доир билимлар, офицерлар мақоми ва вазифалари, зиддиятли вазиятда улар қандай иш  тутиши кераклиги, маҳаллий ҳукумат, оммавий ахборот воситалари, зиддиятли кучлар билан мулоқот асосларини чуқур билиб олади. Эслатамиз, авваллари бундай тайёргарлик ишлари фақат хорижда ўтказилган.

 

Айбар Ақтўреев, марказ ўқитувчиси:

- Курс уч босқичда ўтказилади. Улар уч ҳафтага мўлжалланган. Биринчи курсда тинчлик ўрнатиш фаолияти билан танишишга мўлжалланган БМТнинг асосий таълим материалларини берамиз. Иккинчи ҳафтада БМТ ҳарбий кузатувчилари  ишини тартибга солувчи махсус материаллар тақдим этилади. Учинчи ҳафтада амалий машғулотларга асосий эътибор берилади.

 

Албатта, амалиётсиз таълим бўлмайди. Машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар малакаларини мустаҳкамлайди, нотекис ҳудудда, турли об-ҳаво шароитида техника воситаларини бошқаришади. Портловчи қурилмалар топиш, ярадорларни олиб чиқишни ўрганади. Ҳарбийлар ҳужум қилишганида, пистирмага дуч келишганида, гаровга олинганида ўзини қандай тутиш кераклигини билиб олади. Курснинг охирги босқичида тингловчилар БМТ ҳарбий кузатувчилари вазифасини бажаради. Шу тариқа, ҳарбий хизматчининг одатдан ташқари вазиятда ўзини тутиши, кузатув ишини олиб бориши текширилади.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.