Қозоғистон Давлат маслаҳатчиси Президентнинг БМТ Бош ассамблеяси юбилей сессиясидаги нутқининг асосий нуқталарига шарҳ берди. Ерлан Қарин таъкидлашича, Қосим-Жўмарт Тўқаев ишонч йўқолиши ва жангарилашишдан тортиб, технологик тафовутгача бўлган замонамизнинг асосий чорловларини кўрсатиб ўтди. Буларнинг ҳаммаси дунё ҳамжамиятининг жамоавий ва тизимли жавоб беришини талаб қилади. БМТ ислоҳотига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари қатор ечимлар, шу жумладан, Хавфсизлик кенгаши таркибини кенгайтиришни, ўрта давлатлар ролини оширишни таклиф қилди. Асосий ғоя — ишонч, адолат ва ҳамкорликка асосланган янги дунё тартибини шакллантириш. Ерлан Қарин таъкидлашича, Президент БМТ трибунасида туриб Қозоғистоннинг халқаро муносабатларнинг кучли ва масъулиятли аъзоси, дипломатия, транзит, энергетика, технологияларда робита бўла олишини кўрсатди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

