Туркманистон транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантиряпти

Туркманистон транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантиряпти

Туркманистонда «Мари Туркменабат» йўл участкаси ишга тушди. У «Ашхабад – Туркменабат» юқори тезликли магистралнинг бир қисми бўлиб, «Шарқ - Ғарб» ва «Шимол — Жануб» транзит йўлаги самарадорлигини оширади. 600 километрли йўл пойтахтни шарқий минтақалар билан боғлайди. Олти қатор транспорт ҳаракатланиши мумкин бўлган трасса жаҳон сифат ва хавфсизлик стандартларига мос, у интеллектуал тизим ёрдамида назорат қилинади. Видеокамералар тегишли маълумотни йўл назорати хизматига мунтазам узатади. Экспертлар таъкидлашича, шоссе йўловчилар ва юк ташувчилар вақтини тежайди, масофалалрни қисқартиради. Трасса БМТ эълон қилган Барқарор транспорт ўн йиллиги бошланган вақтда очилди. Бу ҳужжат Туркманистон ташаббуси билан қабул қилинганди. Янги объект глобал логистика тизимига интеграция бўлиш имконини беради.


Сердар Агамирадов, «Туркменавтойўллари» давлат корпорацияси етакчиси:


- Ушбу йўл мураккаб муҳандислик-техник мажмуа ҳисобланади, дунё стандартларига мос. 11 та кўприк, ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулай инфратузилмалар мавжуд. 2 та меҳмонхона, катта-кичик тўлов терминаллари, 5 та замонавий автоёнилғи қуйиш станциялари қурилган. Саёҳатчиларга қулай бўлиши учун мазкур йўл участкаси атрофида кўп сонли магазинлар, маркетлар, турли автомобилларга техник ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ихтисослашган таъмирлаш марказлари бунёд этилган.


Фелипе Дуке, GEA компанияси тижорат директори, Франция:


- Компаниямиз ушбу лойиҳада қатнашяпти, йўл ҳақи тўлаш учун зарур бўлган ускуналар, видеокузатув тизимлари учун жавоб беради. Бунда  ISO стандартлари бўйича сертификатлар қўйилган. Тизимни бошқариш хавфсизлиги ва йўл ҳақи тўлаш тизими хавфсизлиги тўлақонли таъминланган.


Абдумалик Сарманов таржимаси