Қозоғистонда ноқонуний бойиб кетган давлат хизматчилари жазоланади. Харажатлари расмий даромадидан ортиб кетган шахслар учун махсус чоралар кўриш кўзда тутиляпти. Мажилис коррупцияга қарши янги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Тегишли агентлик раиси депутатларга тегишли ҳужжатни тақдим этаркан, унинг асосий нуқталари Давлат раҳбари 2 февралда тасдиқлаган коррупцияга қарши концепцияда кўрсатиб ўтилганини таъкидлади. Бу қонун мамлакатда порахўрликка қарши кураш тизимида асосий ўрин тутишини тилга олди. Унинг маълум қилишича, коррупция туфайли орттирилган мол-мулкни бошқа шахслар номига расмийлаштириш орқали яшириш усули ҳаммага маълум. Лекин бу мулк ноқонуний йўл билан топилганини исботлаш осон эмас, деди Марат Ахметжанов. Шунингдек, у асоссиз бойлик орттириш учун жавобгарлик жорий этиш даромад декларациясини киритишдан кейинги қадам эканлигини таъкидлади.
Марат Ахметжанов, Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш бўйича агентлик раиси:
- Мавжуд қонунчиликда кўзда тутилган 10 фоизли хусусий даромад солиғидан ташқари давлат хизматчилари жавобгарлигини оширишни таклиф қиламан. Амалдорлар даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 1000 ойлик кўрсаткичдан ошган тақдирда маъмурий жарма сифатида ушбу фарқнинг 90 фоизини мусодара қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этаман. Фақат ҳар бир ҳолатда харажатларни тушунтириб бериш учун имконият яратилади. Агар фарқ йиллик даромаддан катта бўлса ва амалдор унинг қаердан келганини тушунтириб бера олмаса, карьерасига зарар етади. Яъни, у давлат хизматидан салбий сабаблар туфайли уч йилга кетади.
Коррупцияга қарши хизмат раиси таъкидлашича, давлат хизматчилари даромад ва харажатлар декларацияси босқичма-босқич топширилади.
Марат Ахметжанов, Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш бўйича агентлик раиси:
- Ўтган йили, биринчи босқичда давлат хизматчилари даромадларини кўрсатди. Энди даромад ва харажатлар таққосланади. Иккинчи босқичда - 2023-2024 йилларда давлат идоралари ва квазисектор ходимлари бунга қўшилади. Учинчи босқич - 2024-2025 йилларда ҳуқуқий шахслар раҳбарлари ва муассислари ҳам бунга қўшилади. 2025-2026 йилдан бошлаб қолган барча фуқаролар декларация топшира бошлайди. Фақат шундагина аҳолининг қандай мол-мулки борлигини аниқланади.
Қонун лойиҳаси бандлари коррупция ҳақида хабар берган фуқароларни ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган, дейишди Ҳукуматда.
Абдумалик Сарманов таржимаси