Ўзгаришлар давом этади! Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Мактуби иқтибослар шаклида ижтимоий тармоқлар орқали бир зумда тарқалди, жамоатчилик ўртасида фаол муҳокама қилиняпти. Янги Қозоғистон қандай бўлиши энди аниқ кўзга ташланмоқда. Амалда республика сиёсий тизими тўлиқ ўзгаради. Конституциянинг 30 дан ортиқ моддасига ўзгариш киритилади. Давлат раҳбари таъкидлашича, йил охиригача яна 20 дан кўпроқ янги қонун қабул қилинади. “Лекин бундай ўзгаришларни амалга ошириш учун давлат девонини янгилаш камлик қилади, ҳар биримиз ўзгаришимиз зарур”, деб таъкидлайди Президент.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти
- Янги Қозоғистонда биз “Нигоҳлар ҳар хил, миллат ягона” деган асосий тамойилга риоя этишимиз керак. Юксак мулоқот ва муроса маданияти мамлакатимизда фуқаролар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамловчи энг муҳим факторлардан бирига айланади. Биз саводсизлик ва архаикага, радикализм ва боқимандаликка, истеъмолга топиниш ва коррупцияга қарши курашамиз. Асосий бойлик – Мустақилликни сақлаб қолишимиз, миллий ўзига хосликни мустаҳкамлашимиз, мамлакатни юксалтиришга куч беришимиз зарур. Бу бизнинг келгуси авлодлар олдидаги қарзимиз.
Олдинга қўйилган вазифалар кўламига келсак, муҳим факторни унутмаслик даркор: суперпрезидентлик бошқарув шакли амалда бўлган давр ниҳоясига етди. Унинг ўрнини кучли Парламентга эга президент республикаси эгаллайди. Давлат раҳбари президент ваколатларини бажараётганида партияга аъзоликни тўхтатиши зарурлиги қонунда кўрсатилиши лозим. Унинг фикрича, бундай талаб сиёсий рақобатни кучайтиради. Барча партиялар ривожланиш учун тенг имкониятга эга бўлади. Сенатдаги президент квотаси ҳам қисқартирилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бугунги кунда ҳамма нарса Президентга боғлиқ бўлиб қолган. Бу тўғри эмас, деб ҳисоблайман. Аста-секин бундай амалиётга барҳам бериш керак. Мен учун давлатнинг узоқ муддатли истиқболлари қандайдир бошқарув дастакларию вазиятга таъсир кўрсатишдан кўра муҳимроқ. Президентликнинг ҳаддан ташқари кенг ваколатларидан воз кечиш сиёсий модернизация жараёни ортга қайтмаслигини кафолатлайди. Таклиф этилаётган ташаббуслар ўйин қоидаларини ўзгартиради, жамиятимизни демократлаштириш учун мустаҳкам пойдевор ўрнатади.
Мамлакатимизга чуқур ислоҳотлар зарур, акс ҳолда турғунлик бошланади, дейди Президент. У таъкидлаганидек, кўпчилик январь воқеаларидан кейин ҳокимиятнинг модернизация суръатларини сусайтириши, талабларни қатъийлаштиришини кутганди. Лекин ҳеч ким кўзланган йўлдан ортга қайтиш ниятида эмас. Қосим-Жўмарт Тўқаев айтгани каби, тизимли ўзгаришлар барча соҳаларда тараққиётни жадаллаштиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси