АҚШ Қозоғистонга замонавий серверларни совға қилди. Мазкур юқори тезликда
ишловчи компьютер жиҳозлари мамлакат ташқи савдосини ривожлантиришга хизмат
қилади. «Keden» тизими автоматлаштириш, машина таълими ва сунъий интеллектдан
фойдаланади, божхона жараёнларига сарфланадиган вақтни қисқартиради, маълумотлар
хавфсизлигини мустаҳкамлайди. Замонавий сервер «Астана-1» тизими ўрнида
ишлатилади. Инновациявий технология божхона ишининг сифатини яхшилайди,
рақобатбардошлигини оширади, дея таъкидлайди мутахассислар. Савдо алоқаларини
такомиллаштиришга мўлжалланган ушбу тизим инвесторларни жалб этишга ёрдам
беради.
Дэниел Розенблюм, АҚШнинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Бу лойиҳа Қозоғистонда савдони ривожлантириш, бу жараёндаги давлат харажатларини салмоқли даражада камайтиришга хизмат қилишига ишонамиз. Натижада, Қозоғистоннинг ялпи товар айланмаси ҳажми кескин ошади. Бу эса мамлакатингиз билан савдо қилишдан манфаатдор бўлган АҚШ учунгина эмас, Қозоғистондаги барча савдо шерикларимиз учун ҳам муҳим. Ушбу лойиҳа Қозоғистон ташқи савдосини диверсификациялаш, турли йўналишлардаги салоҳиятни кенгайтиришга имкон беради.
Абдумалик Сарманов
таржимаси