Бош вазир экологик анжуманда иштирок этди

Бош вазир экологик анжуманда иштирок этди

Каспий денгизининг саёзлашиши муаммоси Қозоғистон Бош вазири томонидан Россияда Олтой Республикасида бўлиб ўтган биринчи халқаро экологик конференцияда кўтарилди. Ўлжас Бектенов таъкидлагани каби, денгиз сатҳи пасайишига чек қўйиш учун Каспийбўйи давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш зарур.


Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:


 – Қозоғистон учун долзарб масалалардан бири - сув объектларининг ўзгариши атроф-муҳит ва хўжалик фаолиятига таъсир кўрсатаётгани. 2000-йиллар бошидан бери Каспий денгизи сатҳи пасайиб бораётгани кузатилмоқда. Шу ва бошқа муаммоларни ўрганиш учун Қозоғистон Каспий денгизи илмий-тадқиқот    институти ташкил этилган. Афсуски, олимлар башорати таскин берарли эмас.  Мазкур ноёб сув ҳавзасини сақлаб қолиш учун Каспийбўйи давлатларининг қатъий, мувофиқлашган ҳаракати зарур.  


Ўлжас Бектенов анжуманда Орол денгизидаги вазият ҳақида ҳам сўз юритди.  Қозоғистонда уни тиклаш бўйича иш олиб борилмоқда,  Кўкарал тўғони мустаҳкамланяпти, Сирдарё  дельтаси қайта тикланиб, балиқчиликни, қуриган денгиз тубини кўкаламзорлаштиришни қўллаб-қувватловчи лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.  Мамлакатимиз ҳозирги вақтда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади.   Бош вазир Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғи билан бошланган «Таза Қазақстан» дастурига алоҳида эътибор қаратди. Ўлжас Бектенов айтганидек, ушбу ташаббус кенг кўламли экологик ҳаракатга айланди. Дастур она еримизга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш маданиятини шакллантиришга йўналтирилган, табиий ҳудудларни, сув ҳавзалари соҳилларини тозалаш, дарахт ўтқазиш бўйича мунтазам акцияларни ўз ичига олади.  


Абдумалик Сарманов таржимаси