БМТ учун биргаликда экспертлар тайёрлаш таклифи билдирилди

Қозоғистон Марказий Осиё давлатларига биргаликда БМТ миссиялари учун экспертлар тайёрлашни таклиф қилди. Алмати шаҳридаги мамлакатимиз Мудофаа вазирлигининг Тинчликни сақлаш операциялари марказида ўтказилган биринчи ҳудудий давра суҳбатида шу ҳақида сўз борди. Бундан ташқари, иштирокчилар халқаро гуманитар ҳуқуқ ва гендер масалаларини кўриб чиқди, минтақада хавфсизликни таъминлашда энг нуфузли ва универсал халқаро ташкилот сифатида БМТ-нинг ролини кучайтиришда Марказий Осиё давлатларининг роли муҳокама қилинди. Таъкидлаш керак, тадбир халқаро Тинчлик сақловчилар кунига бағишланган. 

Бауиржан Нигметуллин, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тинчлик ўрнатиш операциялари маркази бошлиғи:

– Миссияда энг муҳими – тажриба алмашиш. Биз тинчликни сақлашга тайёргарлик, тил тайёргарлиги тизимини қнадай ташкил қилганимизни сўзлаб беришни истардик. Ва албатта,  контингентни жўнатиш, стратегик қайта ўтказувлар бўлди. Биз Марказий Осиё давлатларига кучларни бирлаштириш, тинчликни сақлаш операцияларида иштирок этиш учун контингентларни, экспертларни бирга тайёрлашни таклиф қиламиз. Шу билан бирга, тажриба ва билим алмашинуви ҳам аҳамиятли, яхши қўшничилик, шериклик ва ўзаро англашув муносабатлари – бизнинг истиқболли иштирокимиз учун замин яратади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартираси Тинчликни сақлаш операциялари департаменти вакили Герберт Лорет Қозоғистоннинг тинчликпарвар операцияларда қатнашиш учун ўз контингентларини юбораётган давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги фаолиятини ижобий баҳолади. 

Герберт Лорэт, БМТ-нинг Нью-Йоркдаги штаб-квартираси Тинчликни сақлаш операциялари департаменти вакили:

– Қозоғистон Республикаси тинчликпарвар операцияларда иштирок этаётган давлатлар билан ўзаро шериклик ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича катта ишларни амалга оширмоқда. Қозоғистонлик тинчликпарварлар турли давлатлар вакиллари билан биргаликда тинчликни сақлаш операцияларида қатнашмоқда. Биз истардикки, Марказий Осиё минтақасидаги бошқа давлатлар ҳам Қозоғистон сингари тинчликни сақлаш тадбирларида қатнашиш имкониятидан фойдалансин.

Айтиш жоиз, Қозоғистон аста-секинлик билан БМТ тинчлик ўрнатиш операцияларидаги иштирокини кенайтириб бормоқда. Ўн олти йил мобайнида 600 нафардан зиёд юртимиз ҳарбий хизматчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё, Яқин Шарқ ва Африкада ўтказилган  еттита миссиясида қатнашди. Ҳозирда Ғулон тепаликларида 139 кишилик дастлабки мустақил тинчлик ўрнатиш контингенти жойлашган. Бу Қозоғистон учун БМТ-нинг тинчликпарварлик фаолиятига қўшадиган ҳиссасини мустаҳкамловчи тарихий қадам.

Абдумалик Сарманов таржимаси.