Қозоғистон Қирғизистонга 15 миллион доллар қийматга эга маҳсулот юборади. Қозоғистондан йигирма компания қатнашган Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум давомида ана шундай шартномалар имзоланди. Улар қаторида озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тиббиёт ва кимё саноати товарлари бор.
Асқар Салимбеков, "ДОРДОЙ" ҳамжамияти фахрий президенти:
- Менимча, биз Қирғизистон билан фаол ҳамкорликка киришишимиз зарур. Ягона иқтисодий ташкилотда эканлигимизни кўрсатишимиз керак. Очиқ ҳамкорликни давом эттиришимиз, сунъий тўсиқлар йўқлигини намойиш этишимиз лозим.
Бундан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистон янги бозорларга чиқиш учун кучларини бирлаштириш ниятида. Икки томонлама имзоланган шартномага кўра, яқин келажакда саноат савдо-логистика мажмуаси барпо этилади. У Қара-Суу ва Ақ-Тилек назорат-ўтказиш пунктлари яқинида иш бошлайди. 80 гектар майдонда қатор омборлар ва ишлаб чиқариш бинолари, транспорт-юклаш инфратузилмаси ўрнатилади.
Динмухамед Абсаттаров, "QAZEXPOCONGRESS" миллий компанияси бошқаруви раиси ўринбосари:
- Савдо-логистика мажмуаси фаолиятида асосий йўналиш - юқори рақобатбардошликка эга товарлар ишлаб чиқаришдан иборат бўлади. Улар қаторида кенг истеъмол моллари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш қувватлари, енгил саноатда кооперацияланган ишлаб чиқариш, халқаро товар ўтказиш тизимидаги логистика объектлари бор.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилда икки республика ўртасидаги товар айланмаси 971 миллион долларни ташкил қилди. Экспертлар фикрича, ўзаро савдо салоҳияти анча юқори. У 2,5 миллиард долларни ташкил қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.