Шаҳар стратегияларини амалга оширишда шаҳарликлар иштироки. Қозоғистондаги шаҳарлар «Берекелі бастама» дастурига қўшилади. Эндиликда мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўзи яшаб турган шаҳар инфратузилмасини яхшилашга оид ғоя ва таклифларини илгари суриши, шунингдек, ўзига ёққан лойиҳага овоз бериши мумкин. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар майдончасида Урбанистлар ассоциацияси Q88 кенгаш раиси Ерлан Аукенов маълум қилди. Унинг айтишича, республика ғарбидаги икки шаҳар – Ақтау ва Атирауни ривожлантиришга оид таклифлар кўриб чиқиляпти. Ҳозирча порталда 98 та мурожаат матни қўйилган. Қозоғистонликлар энг яхши лойиҳа учун 4 апрелдан 4 майгача овоз бериши мумкин.
Ерлан Аукенов, урбанистлар ассоциацияси q88 кенгаш раиси:
- Лойиҳанинг бош мақсади – фуқароларни устувор ўзгаришлар жараёнига жалб этиш. Шаҳар аҳли муҳитга ижобий таъсир кўрсата оладиган, хиёбонларни ободонлаштиришдан тортиб, спорт майдончалари қуриш, жамоат майдонлари ташкил қилиш, мобиль гуруҳлар учун шарт-шароит яратишдан тортиб, транспорт ислоҳоти ва минтақадаги экологик факторларни яхшилашгача бўлган ҳар қандай ғояни тақдим этиши мумкин.
Дастурга қўшилиши кутилаётган кейинги шаҳар - Павлодар. Шаҳар аҳлидан ғоя ва таклифлар тўплаш 8 июнгача давом этади, сўнгра овоз бериш орқали фуқаролар энг яхши лойиҳаларни саралаб олади. Ерлан Аукенов фикрича, бу дастурга Қозоғистоннинг имкон қадар кўпроқ шаҳарлари қўшилиши зарур. Чимкент, Рудний, Ақсу ва Хромтау ҳам юқоридаги рўйхатдан жой олиши кутилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.