Қозоғистонда барсларни қутқариш учун жаҳонда биринчи марта лойиҳа ишга тушади

Қозоғистонда барсларни қутқариш учун жаҳонда биринчи марта лойиҳа ишга тушади

Қозоғистонда жаҳонда биринчи марта қор барсини сақлаб қолиш ва кўпайтириш бўйича миллий лойиҳа ишга тушаяпти. Маълумки, бу Қизил китобга киритилган жоивор қирилиб кетиш арафасида турган турлар қаторига киради. Шу кунларда 13 мамлакатда атиги бир неча мингтаси омон қолган. Шундан тахминан 130 таси Қозоғистонда яшайди. Уларни қутқариш лойиҳаси келгуси йилда Алматидаги Или-Алатау Миллий паркида иш бошлайди. Махсус марказ тузилади, унда илвирсларни кўпайтириш ва даволаш билан шуғулланишади. Айни вақтда, илмий тадқиқотлар ўтказилади. Олимлар қор барслари яшаш жойини синчиклаб ўрганиш, инсон фаолияти улар ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётганини, улар муҳитини қандай яхшилаш мумкинлигини аниқлаш ниятида. Шу билан бирга марказ қошида ушбу ҳайвонлар учун дастлабки ген лабораторияси очилади. Шунингдек, жамоатчилик билан бу жониворларга қандай муносабатда бўлиш зарурлиги юзасидан иш олиб борилади. Лойиҳа «Яшил Қозоғистон 2021-2025» дастурига киритилган.

Арман Қашқинбеков, Қозоғистон Қайта тикланувчи энергетика ҳамжамияти бош директори ва директорлар кенгаши аъзоси, Қор барслари халқаро жамғармаси директори:

- Қозоғистонда биринчи марта қор барслари бўйича миллий дастур амалга оширилади. Аниқ қўйилган мақсад – илвирсларни даволаш, сақлаб қолиш ва кўпайтириш маркази бунёд этиш. Янги ташкилот барсларни худди шифохона каби даволаш учун қабул қилади, парваришлайди, табиатга қўйиб юборади.

Абдумалик Сарманов таржимаси