БААнинг Қозоғистонга киритган сармояси тобора ортяпти

БААнинг Қозоғистонга киритган сармояси тобора ортяпти

Икки давлат бизнес-форумида Қозоғистон ва Бирлашган Араб амирликлари ўртасида ҳамкорлик салоҳияти ҳақида гапирилди. Тадбир Астана шаҳрида ўтказилди. Қозоғистон Президенти ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси тадбирнинг ёпилиш жараёнида қатнашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, шайх Холид билан музокараларда томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилиш тасдиқланди. Ўртада имзоланган 5 миллиард доллар қийматга эга шартномалар ҳам бунга ёрдам беради.  


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Қозоғистонга киритган инвестициялари умумий ҳажми 4,3 миллиард долларни ташкил қилган Бирлашган Араб амирликлари мамлакатнинг кўрфаздаги етакчи савдо ва инвестициявий ҳамкори ҳисобланади. 2031 йилгача мўлжалланган БАА Тараққиёт стратегияси инновация, саноат ўсиши, диверсификация бўйича бизнинг миллий устуворликларимизга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда, амирликлардаги ҳамкорларимиз учун қулай шароитлар яратиш ниятидамиз.


Қозоғистон  ўзининг инвестициявий жозибадорлигини ошираяпти. Мамлакатда ИҲТТ халқаро стандартлари ва тамойилларига мувофиқ иқтисодий ислоҳотлар ўтказиляпти. Бундан ташқари, хорижлик сармоядорларни қўллаб қувватловчи Инвестициялар жалб этиш кенгаши ишлаб турибди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Биз, шу жумладан, энергетика, логистика, молия, интеллектуал технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият борлигини кўриб турибмиз. Masdar, Presight, Abu Dhabi Ports Group, Terminal Holdings ва Abu Dhabi Commercial Bank компаниялари билан рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар шерикчилигимиз динамикасини кўрсатади. Ушбу ва бошқа қўшма ташаббуслар икки томонлама муносабаталар чуқурлиги, самарадорлиги ва ривожланаётганини кўрсатади.


Бизнес-форум доирасида 9 та ҳужжат имзоланди. Улар қаторида завод, маълумотларни қайта ишлаш маркази, Қуриқ портида терминал қуриш бўйича келишувлар бор. Давлат раҳбари ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси «Астана» халқаро молия марказига борди. У ерда меҳмонлар Молия хизматларини тартибга келтириш қўмитаси, биржа, АХММ суди, Халқаро арбитраж маркази фаолияти билан танишди. Таъкидлаш лозимки,  бугунги кунда 46 та араб компанияси марказ резиденти бўлган.  Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси пойтахтдаги шайх Халифа бин Заид ал-Наҳаян номли мактаб-лицейга ҳам боришди. Ўқувчилар араб тили ва адабиёти бўйича билимларини, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги экспозицияни намойиш қилди. Сўнгра, Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шайх Холид бин Муҳаммад бин Заид Аль Наҳаян «Этноовул» кўргазмасини томоша қилишди. У қозоқ халқининг кўп асрли маданий меросига бағишланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.