Қозоғистон – Хитой чегарасида оғир юк машиналари учун айланма йўл қурилади

Қозоғистон – Хитой чегарасида оғир юк машиналари учун айланма йўл қурилади

Қозоғистон – Хитой чегарасида айланма йўл қурилади. Бош вазир Ўлжас Бектенов Бельгия компанияси етакчиси Людо Саренс билан лойиҳа деталларини муҳокама қилди. «Нур Жўли» ўтказиш пункти яқинидаги айлланма йўл транспорт оқимлари ҳаракатини енгиллаштиради. Йўл узунлиги 3,2 километр, ундан умумий вазни 100 тоннадан зиёд бўлган юклар олиб чиқилади. Шунингдек, кўприк, машина тутриш жойи, инфратузилмалар бунёд этилади. Объектлар қурилишини инвестор молиялаштиради. Жами 50 миллион доллар сармоя киритилади.

Людо Саренс, компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси, Бельгия:

- Бугунги кунда Хитойга бораётган ва қайтаётган транспорт кўплиги туфайли тиқинлар пайдо бўляпти. Лойиҳа мазмуни шундаки, чегаранинг бу томонида юк қабул қилиб олувчилар учун алоҳида жой ажратилади. Бунда асосий ўтказиш чизиғидан фойдаланилмайди. Натижада, одатдаги юк машиналари, туристлар ва бошқа Хитойга бораётган ва Хитойдан келаётганларнинг чегарадан ўтиши анча жадаллашади. Қулайлик таъминланади. Қозоғистон Ҳукумати бу лойиҳани қўллаб-қувватлаганидан жуда хурсанд бўлдик.

Қозоғистонда Хитой компанияси ёрдамида саноат парки қурилади

Бош вазирнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи Хитой компанияси етакчиси билан суҳбатида эса Туркистон вилоятида саноат парки қурилиши масаласи муҳокама қилинди. Унда қатор саноат корхоналари қурилиши режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида 50 минг тонна қуритилган сабзавот чиқарадиган завод бунёд этиляпти. Инвестиция ҳажми 90 миллион доллар атрофида. Бошқа минтақаларда ҳам қайта ишлаш билан шуғулланувчи қўшимча корхоналар бунёд этилади. Тайёр маҳсулот ички бозорда сотилади, АҚШ ва Европага экспорт қилинади.

Ли Яньтао, Qingdao Wanlin Food Co., Ltd директорлар кенгаши раиси, Хитой:

- Биз Қозоғистон бозорига, сабзавотларни чуқур қайта ишлашга сармоя киритиш ниятидамиз. Бунинг учун Туркистон вилояти танланди. Қозоғистон ва Хитой ўртасида алоқалар барча йўналишларда, шу жумладан, иқтисодда ҳам фаол ривожланаяпти. Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган, компаниямиз эса қайта ишлашда катта тажрибага эга. Бу эса муваффақиятли ҳамкорликка йўл очади.

Абдумалик Сарманов таржимаси