Ақтауда Озарбайжон авиалинияси самолёти фалокати оқибатида 29 одам омон қолди, 38 нафари жон берди. Ўз ишини бошлаган Ҳукумат комиссияси раҳбари, Бош вазир ўринбосари Қанат Бўзумбаевнинг берган маълумотига кўра, шифохоналарга ётқизилганларга тўла ҳажмда ёрдам кўрсатиляпти. Бу ишларга республика даражасидаги юқори малакали мутахассислар жалб этилган. Шунингдек, Қозоғистонга Озарбайжон санавиацияси бригадаси ва Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус борти етиб келди ва ўз фуқароларини олиб кетди. Мамлакатга жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари кела бошлади, вилоят ҳокимлиги уларга тегишли ёрдам кўрсатяпти. Улар билан психологлар бригадаси ишлаяпти. Авиафалокат юзасидан жиноий иш очилди, маҳкамалараро тезкор-тергов гуруҳи тузилди. Авария сабаблари ўрганиляпти.
Қанат Бўзумбаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
- Қўзғатилган жиноий иш доирасида барча далил-исботлар тўпланади, зарур экспертизалар қилинади, қўшни давлатларнинг тегишли хизматлари билан биргаликда қора қутилар очилади, бошқа ишлар амалга оширилади, самолёт қулаши сабаблари аниқланади. Ва биз уларни маълум қиламиз. Ҳозирча қандайдир баёнотлар беришга, фалокат сабабларини тилга олишга эрта. Экспертлар ишлашига имкон берайлик. Ҳамма ишлар Қозоғистон Республикаси қонунчилиги доирасида амалга ошириляпти. Авиаҳалокат Қозоғистон Республикаси ҳудудида юз берди. Тергов ишлари Бош прокурорнинг қатъий назорати остида.
Авария юз берган жойда самолёт конструкцияси бўйиа таҳлил ўтказиляпти. Фалокат оқибатларини тугатишда 300 нафардан зиёд одам, 100 тадан зиёд техника, 2 та ҳаво кемаси ва 6 та кинологик расчёт ишлаяпти. Эслатамиз, ҳаво кемаси бортида 4 мамлакат — Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Россия фуқаролари бўлган. 6 нафар қозоғистонликларнинг ҳаммаси, шу жумладан, битта бола жон берди. БМТ Бош котиби ҳам ўз ҳамдардлигини билдирди, жабрланганларнинг тузалиб кетишини тилади. Бугун Озарбайжонда «Боку — Грозний» авиарейсида ҳалок бўлганларга мотам куни эълон қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

