Атирауда тошқинга қарши чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказилди

Атирауда тошқинга қарши чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказилди

Атирауда Қозоғистон Бош вазири раислигида Тошқинга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича Республика штаби кўчма йиғилиши ўтказилди. Унга видеоконференц алоқа орқали вилоят ҳокимлари ва вазирлар уланди. Берилган маълумотга кўра, шу кунгача 70 минг фуқаро, 60 минг бош уй жониворлари хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Шошилинч қутқариш ишларида 12 минг одам, 800 тадан зиёд техника бирлиги, 400 сув тортиб олиш ва сузиш воситаси ишлатиляпти. Бош вазир Ўлжас Бектенов Соғлиқни сақлаш вазирлигига фавқулодда вазият юз берган ҳудудларда санитар-эпидемиологик вазиятни, Қишлоқ хўжалик вазирлигига эпизоотик вазиятни кузатиб бориш, ҳокимларга эвакуация пунктларига кўчирилган аҳолини барча зарур нарсалар билан таъминлашни топширди. Умуман олганда, шу кунларда мамлакат ҳудудининг 15 фоизини қор қоплаган. Штаб тошқинлар билан боғлиқ вазиятни мунтазам назорат қиляпти.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- Назоратни кучайтириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи асоссиз қимматлашишига йўл қўймасликни топшираман. Бундай ҳолатлар олди олинсин. Қатор минтақаларда зарар ўрнини қоплаш, компенсация тўлаш ишлари бошланди. Бу ишлар шаффоф, бюрократиясиз амалга оширилиши лозим. Ҳеч ким четда қолмасин. Ҳокимлар вазиятни алоҳида назоратга олсин.   

Абдумалик Сарманов таржимаси.