2024 йилнинг 4 ойида қайта ишлаш саноатида ўсиш 105 фоиздан ошди

2024 йилнинг 4 ойида қайта ишлаш саноатида ўсиш 105 фоиздан ошди. Тайёрланган маҳсулотнинг умумий ҳажми 7 триллион тенгега етди, шу билан бирга, қиймати 5 миллиард 600 миллион долларга тенг қайта ишланган товар хорижий мамлакатларга экспорт қилинди. Ҳукумат йиғилишида вазир Қанат Шарлапаев берган маълумотга кўра, жорий йилда металлургия соҳасида ўтган йилдагидан 5 фоиз кўп маҳсулот чиқарилган. Киритилган инвестиция ҳажми 464 миллиард тенгедан кўпроқ 21 лойиҳа рўёбга чиқарилиши кутиляпти. Автомобилсозликда ўсиш 22 фоизга етди. Химия ва енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда ҳам бир оз ўсиш кузатилди.  Шунингдек, вазир 8 та минтақада умумий майдони 200 минг квадрат метр бўлган кичик саноат зоналари бунёд этилиши режасини тилга олди. Қурилиш учун 30 миллиард тенге сарфланади.

Қанат Шарлапаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири:

 2024 йилда 1,5 триллион тенгега тенг 180 та лойиҳани ишга тушириш оқибатида 18 мингта доимий иш ўринлари яратилади. Улар қаторида юк автомобиллари компонентлари, керамика плита, иссиқлик сақловчи материал, ферросилиций ва вольфрам концентрати ишлаб чиқариш кўзланган. 1,6 триллион тенгега тенг маҳсулот чиқарилади. Экспорт ҳажми 600 миллиард тенгега ўсади, 1 триллион тенге атрофида импорт ўрни тўлдирилади.

Қозоғистонда 2024 йилда нефть-газ химияси саноати 75 фоизга ўсади 

Ҳукумат йил охиригача нефть-газ химияси саноатининг 75 фоизга ўсишига эришмоқчи. Январь-апрель ойларида соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки марта кўтарилди ва 213 минг тоннани ташкил қилди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги берган маълумотга кўра, келгуси беш йил ичида умумий қиймати 14 миллиард доллар бўлган 5 та йирик лойиҳа рўёбга чиқарилади. 

Алмасадам Сатқалиев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:

 Бу лойиҳалар иқтисодимизнинг йилига 1,5 фоизга ўсишини таъминлайди. Жорий йилда 340 минг тонна қувватга эга бутадиен ва унга ёндашган маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши бошланади. Мамлакат тарихидаги энг йирик лойиҳалардан бири – 1,2 миллион тонна полиэтилен ишлаб чиқариш қувватига эга корхона барпо этиш бўйича инвестициявий қарор қабул қилинади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.