Қозоғистонда Марказий Осиё давлат хизматчилари рақамлаштириш бўйича таълим олади

Марказий Осиё мамлакатлари давлат хизматчилари рақамли бошқарув бўйича малакасини ошириш учун Қозоғистонга келди. Улар учун махсус курслар ташкил этилди. Меҳмонлар электрон ҳукумат имкониятлари билан таништирилди. 

Аркен Аристанов, «KAZAID» халқаро тараққиёт Қозоғистон агентлиги» миллий ҲЖ» бошқаруви раиси:

- Қозоғистон минтақада рақамли хизматлар кўрсатиш бўйича пешқадам, Марказий Осиёдаги ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашишни истадик. Асосий вазифамиз – кучли Марказий Осиё яратиш ва рақамлаштириш борасида бошқа давлатларнинг ривожланишига ёрдам беришдан иборат.  Қозоғистон мутахассислари сўнгги 15 йл давомида электрон ҳукуматни жорий этишда дуч келган қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилишди. Бундан мақсад – тажриба алмашиш ва янгиликлар жорий этишда аввалги хатоларни такрорламасликдан иборат. 

Масофадан давлат бошқарувини амалга ошириш ва электрон ҳукумат малакасини оширишга мўлжалланган «Дўстиқ - Рақамлаштириш» дастурида  минтақа давлатларидан 20 та курсант қатнашди. Қозоғистоннинг бу борада тажрибаси етарли. 

Шукурулло Сағдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги таълимни ривожлантириш маркази катта мутахассиси:

- Мамлакатимизда ахборот такрорланиши олдини олувчи марказий маълумот базаси йўқ. Бу тажрибадан ишимда фойдаланаман. Қозоғистондаги база, турли кейслар, юз бериши мумкин бўлган эҳтимоллар, муаммолар билан танишдим. 

Курс тингловчилари Сингапурдаги рақамли ўзгаришлар илғор тажрибаси билан ҳам танишди. Осиёдаги бу давлат электрон ҳукумат ривожланиши бўйича жаҳон давлатлари рейтинги пешқадамларидан бири. Бу давлат вакиллари Қозоғистоннинг бу соҳадаги фаолиятини баҳолади. 

У Кун Тиан, Сингапур давлат хизмати коллежи профессори:

- Ахборот алмашиш жараёнида Қозоғистон БМТнинг электрон ҳукумат ривожланиши рейтингида анча юқорига кўтарилгани қайд этилди. Бу йўналишда илгарилаш кузатиляпти. Бизга хусусий шахслар мустақил равишда иш юритиши мумкин бўлган майдончалар фаолиятини намойиш қилишди. Дунёнинг кўп давлатларида бундай имконият ҳозирча йўқ.  Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Қозоғистонда электрон ҳукумат хизматлари мобиль илова орқали тақдим этилади, бу эса аҳоли учун жуда қулай. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.