Қозоғистон ва Европа Иттифоқи фан ва таълим соҳасидаги
ҳамкорликни янги даражага олиб чиқмоқда. Бельгияда Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек,
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс,
Европарламентнинг Саноат, тадқиқот ва энергетика қўмитаси раиси Борис Будка
ҳамда Европа Иттифоқининг стартаплар, тадқиқотлар ва инновациялар бўйича
комиссари Екатерина Захариева бир қатор стратегик йўналишларни муҳокама қилди.
Томонлар Қозоғистон олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг халқаро
тадқиқот дастурларида иштирок этиши, инновациялар соҳасида қўшма стартапларни
ишга тушириш ҳақида суҳбатлашди. Асосий натижа — Қозоғистоннинг дунёдаги энг
йирик Horizon Europe илмни молиялаштириш дастурига қўшилишга тайёр.
Саясат Нурбек, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири:
- Қозоғистонда академик хаб ташкил этиляпти. 40 тага яқин йирик
ҳамкорлар, хорижий олий ўқув юртларининг 33 та филиали мавжуд. Улардан 7 таси
Европадан. Белгиянинг 2
та етакчи университети ҳам бор. Биз ўта муҳим
минераллар ва металлар бўйича Европа дастурларида иштирок этмоқдамиз. Қозоғистон қатнашишни мўлжаллаган лойиҳа қиймати 385 миллион евро. "Horizon Europe" дастури маҳаллий
университетлар ва илмий-тадқиқот институтларини молиялаштириш учун янги
имкониятлар очади.
Бельгия университетлари билан қўшма тадқиқотлар, академик
мобиллик ва таълим дастурларини ривожлантириш, илмий стажировкаларни йўлга
қўйиш, амалий ечимларни ишлаб чиқиш, шунингдек, юқори технологик йўналишлар
учун кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Shanyraq Dialogues
мулоқот платформасининг навбатдаги йиғилишида ҳам шу каби мавзулар кўриб
чиқилди. Бельгиялик
ҳамкорлар аниқ илмий лойиҳаларни амалга ошириш ниятини тасдиқлади.
Рони
Снейдерс, Монс университети профессори:
- Биз Қозоғистонда филиаллар очишдан, тадқиқотчилар алмашинуви дастурларигача бўлган ҳамкорлик имкониятлари ҳақида суҳбатлашдик. Биз аввалдан тадқиқотчиларингиз билан бирга ишлаганмиз, ундаги натижалардан мамнунмиз. Бугун «яшил» водород, ядро технологиялари, биотехнология ва хомашё соҳасидаги лойиҳалар ҳақида маълумот олдик. Қозоғистон юқори илмий ва технологик даражани ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳиятни намойиш этмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

