ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига «Ўртеке» қозоқ миллий рақси киритилиши мумкин. Экспертлар бу йўналишда ишлашда давом этмоқда. Қадимий рақс нимаси билан саҳна асарига тенглаштирилади? Мухбирларимиз ҳикоя қилади.
«Ўртеке» «ўрага тушган архар», деб таржима қилинади. Бу комик рақс турли вазиятларда жониворларни кузатиш оқибатида пайдо бўлган. Унинг қўғирчоқ, давра ҳамда яккахон вариантлари бор. Тарихчилар қадимий рақснинг келиб чиқишига оид турли фаразларни келтиради. Шулардан бири – болалар учун эрмак.
Данияр Жалқабаев, Иқилас халқ чолғу асбоблари музейи ходими:
– Бу рақс болалар кўнглини очиш учун ўйлаб топилган. Дўмбира чалаётган одам ўрта бармоғига ўртекега боғланган ипни илиб олади, қуйида эса механизм жойлашган. Композицияга мувофиқ куй чалинади, «тоғ эчкилари» эса сакрайди ва рақсга тушади.
Рақснинг бу шаклида ҳаракатчан архар фигуралари махсус стол устига қўйилади, уларни бошқарувчи ип эса дўмбирачининг қўлида бўлади. Иккинчи вариант даврада рақс тушишга ўхшайди. Учинчисида раққос деярли ҳаракатланмайди, ҳиссиётларини асосан мимика билан кўрсатади. Рақс учун мосламалар ёғочдан ясалади. Унга туширилган орнаментларнинг ҳам ўз мазмуни бор.
Ермек Жасибаев, Қозоғистон марказий давлат музейи катта илмий ходими:
– Сал сери ҳам бу нарсалардан фойдаланган. Улар дашт театр санъати вакиллари бўлган. Мусиқачилар овуллар бўйлаб кезган, ўз санъатини намойиш қилган, сўнгги янгиликлардан хабар берган. Уларни қаттиқ ҳурмат қилишган. Болалар учун ўртеке намойиш этилган.
ЮНЕСКО рўйхатига Аргентинага доир «Танго» ва Ўзбекистонга тегишли «Лазги» рақслари ҳам киритилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси