Астаналик моделист тарихий манзараларни тиклаяпти

Астаналик моделист тарихий манзараларни тиклаяпти

Уруш тарихи - миниатюраларда. Астаналик моделист ўз диорамаларида ром этувчи манзаралар, шиддатли жанглар, қаҳрамонлар ва фронтдаги жасоратларни қайта тиклаяпти. Серик Абдрахманов коллекциясида 35 та иш бор. Ҳаммаси оддий хобби ва тарихга қизиқишдан бошланди, сўнг касбга айланди.

Серик Абдрахманов, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи илмий ходими:

- Энг аввал пластилин билан ишлардим. Аскарлар шакллари ясаганман. Сўнгра моделлаштириш, диорама каби санъат йўналиши борлигини билиб қолдим. Биринчи шаклларни мослаштирганман. Пластик ишлатганман. Икки компонентлик шпаклёвкадан фойдаланаман. У пластилинга ўхшайди, бир соатда қотади, бўяш осон. Сувга эритилган акрил бўёқлар ишлатаман. Баъзида қўл остимдаги нарсалар – тиш тозалагичдан, картон, дарахт шохи, қандайдир ажабтовур шакллардаги илдизлардан фойдаланаман.

Битта иш яратиш учун уста бир ҳафта, баъзида бир неча ой вақт сарфлайди. Деталларни аниқ чиқариш осон эмас. Айниқса, қаҳрамонлар қиёфасини чиқариш мураккаб. Бунда 1 ва 35 масштабдан фойдаланилади, беш сантиметрли ҳайкалчада кўзлар, қулоқлар, ҳар битта ажин изи акс этиши керак. Муаллиф одатда тарихий фотографиялар, кинокадрлар, схемалар, хариталар, ҳикоялар, саёҳатчилар очерклари ва фахрийлар хотираларидан фойдаланади. Астаналик моделчининг ишлари Қозоғистон, Туркия, Тожикистон ва Нидерландияда сақланяпти. Улар Астана ҳарбий-тарихий музейида ҳам бор.

Алмас Идрисов, Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари Астана ҳарбий-тарихий музейи катта мутахассиси:

- Яхши моделист техникани кўнгилдагидек бўяш билан бирга, ўз ўрнига қўяди. Модель, диорама ортида юз берган воқеалар туради. Ва ижодкор қандайдир кичик бир нарсани аниқ кўрсатиб бера олиш учун жуда кўп вақтини сарфлаши мумкин. Чунки моделдаги реаллик у учун муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси