Астанада янги кўргазма очилди

Қозоғистон пойтахтида Ватан ҳимоячилари куни ва Ғалаба байрамига бағишланган фонд кўргазмаси очилди. Экспозиция 100 дан зиёд экспонатдан иборат бўлиб, уч қисмга бўлинади. Уларда қозоғистонлик жангчилар, жумладан, Рахимжан Қўшқарбаев, Сағадат Нурмағамбетовларнинг қаҳрамонона жасоратини акс эттирувчи материаллар тақдим этилган. Ва яна мамлакатимиз Қуролли кучларининг шаклланиш ва тараққиёт босқичлари билан танишса бўлади. Кўргазма асосини Президент маркази фондидаги тарихий ва замонавий ўточар қуролларнинг нодир коллекцияси ташкил қилади. Меҳмонлар Кольт, Браунинг, Федерле, Стечкин ва бошқа таниқли конструкторлар яратган намуналар билан танишиши мумкин. Бундан ташқари, Европа, АҚШ, Россия ва Туркия каби давлатлар қурол ишлаб чиқарувчилари яратган тўппончалар ва револьверларни кўра оласиз. Шунингдек, антиквар нусхаларни ҳам.

Анар Оспанова, Қозоғистон Республикаси Президент марказининг катта эксперти:

- Дастлабки тўппончаларнинг прототипи ёғочдан ясалган қадимги Хитой  оловли найзаси ҳисобланади, у «оловли қурол найзаси» деб номланган. Бу ҳақидаги илк қайдлар 1259 йилда пайдо бўлган. Илгари тўппончалар жуфт қилиб ясалган, чунки фақат бир марта ўқ узиш мумкин бўлган. Тўппончанинг кейинги эволюцияси Козимир Лефоше номи билан боғлиқ, у 5-6 та патронга мўлжалланган, айланадиган стволи бор қуролни ишлаб чиққан. Револьверларнинг илк прототипи Бундель деб аталган, иккинчи номи - пепербокс, чунки шакли мурчдонга ўхшаган. Иккинчи жаҳон уруши даврига доир винтовка ва «Маузер К-98» ҳам намойиш этиляпти. Улар 1935 йилда ясалган, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушида ишлатилган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.