Астанада XII Қозоғистон Фуқаролик форуми бўлиб ўтди. Анжуман давлат органлари,
ноҳукумат ташкилотлари, бизнес, халқаро ташкилотларни тўплади. Қатнашчилар замонавий дунёда фуқаролик жамиятининг
ривожланиш йўналишларини муҳокама қилди. Нотиқлар республикада 18 мингта ноҳукумат ташкилот мавжудлиги, улар барча соҳаларда фаолият юритаётганини кўрсатиб
ўтишди.
Форум доирасида таркибида жами тўрт минг нафардан кўпроқ қозоғистонлик бўлган 260 та Жамоат кенгаши фаолияти ҳам муҳокама қилинди. Ўтган уч йилнинг ўзида улар ижтимоий муҳофаза,
экология, рақамлаштириш, ҳуқуқий саводхонлик ва бошқа мавзулардаги тўққиз
мингтадан зиёд лойиҳани кўриб чиқишди. Қозоғистонликларнинг, минтақаларнинг овози республика
даражасида янграшини таъминлашди. Фуқаролик форуми майдонида 20 тадан зиёд
мунозара майдончалари очилди. Улардан бири халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликка бағишланган. Нодавлат ташкилотлар ўз тажрибасини баҳам кўрди, аҳоли билан ишлаш, жойларда ўзгаришларга эришиш
имкониятларини кўрсатишди.
Сарангоо
Раднаарагчаа, БМТнинг Қозоғистон Республикасидаги доимий мувофиқлаштирувчиси:
– Биз Бирлашган
Миллатлар ташкилоти ва фуқаролик жамияти ўртасида ҳамкорлик кенгайиб
бораётганини, бирга ишлаш учун салоҳият ортаётганини кузатяпмиз. Барқарор ривожланиш мақсадларига қанчалик эришилгани
юзасидан натижалар чиқарилишига беш йил қолди. Бу мақсадларга етиш учун фуқаролик жамияти
ташкилотлари зарур бўлгани учун уларни жойларда ўзимизга жалб этамиз. Маҳаллий ҳамжамиятлар билан бирга ишлаш учун улар
керак. Улар бу жараёнда
муҳим ўрин тутади.
Йоханнес Баур, Қозоғистондаги Европа Иттифоқининг ҳамкорлик делегацияси раҳбари:
– Европа
Иттифоқи Қозоғистонда ишлашда давом этяпти. Бизда ҳам нодавлат ташкилотларга мўлжалланган катта
минтақавий лойиҳа бор. Фуқаролик сектори фаол ривожланишда давом
этяпти. Қозоғистоннинг
маҳаллий даражада ўз-ўзини бошқаришини мустаҳкамлашда бу жуда муҳим. Назаримда, бир неча йил аввал бошланган ислоҳотлар
ривожланиш учун катта имконият беради. Уни биз қўллаб-қувватлаймиз. 13 та ташкилотга 5 миллион евро атрофида ёрдам беряпмиз. Минтақавий лойиҳа учун 40,5 миллион евро ажратганмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

