Астанада сунъий интеллект имкониятлари муҳокама қилинди

Астанада сунъий интеллект имкониятлари муҳокама қилинди

Астанада экспертлар сунъий интеллект имкониятлари ва муаммоларини муҳокама қилди. «Technowomen Central Asia» халқаро форумида таъкидланишича, нейротармоқларнинг жорий этилиши кўплаб касблар ўзгариши ва меҳнат бозорида рақобат кучайишига олиб келади. Шунинг учун Қозоғистон, умуман олганда, бутун Марказий Осиё ёшлари бунга тайёрланиб бориши лозим. Аналитиклар прогнозига кўра, тез орада рақамли малакага эга ходимларга талаб икки марта ортади. Демак, ҳар бир фуқаро учун ай-ти соҳасида билимларни ошириш зарурати туғилди. Муаммони ҳал қилиш учун экспертлар Марказий Осиёда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича ягона хаб яратиш таклифини билдирди.

 

Умида Зиямова, Ўзбекистон Молия технологиялари ҳамжамияти эксперт кенгаши аъзоси:

– Фикримча, қандайдир сунъий интеллект асосидаги технологияларни  бирлаштирувчи АйТи-хаб шакллантириш асосий йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Ҳамкорликни чуқурлаштириш, университетлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, тажриба алмаша олиши учун стартаплар ўртасида алоқа боғлаш жуда муҳим. Ўзингизга маълум, технологиялар ортида билимлар туради. Яъни, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш зарур. Бунинг учун турли курслар жорий этиш керак.

 

Азиза Шужеева, «Technowomen» ННТ бошқаруви раиси:

– Жисмоний меҳнат билан боғлиқ касблар ҳам бор. Масалан, дурадгорлик, ёки бошқа қатор ҳунарлар. Уларнинг деярли ҳаммаси янги воситалар таъсирида қисман ўзгарган ҳолида сақланиб қолади. Ўта юқори интеллект талаб қилувчи меҳнат, масалан, олимларга бўлган талаб ҳам йўқолмайди. Лекин улар орасидаги бўғин - операторлар, назоратчилар, ҳатто дикторлар аҳамиятини йўқотиши мумкин. Кўплаб касблар тубдан ўзгариб кетиши аниқ.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.