Астанада Султон Бейбарсга бағишланган кўргазма бўлиб ўтди

Астанада Султон Бейбарсга бағишланган кўргазма бўлиб ўтди

Ноёб солнома намуналари мамлакат Миллий архиви ҳамда Миллий музей фондларидан олинган. Ташкилотчилар айтишича, материалларнинг бир қисми Мисрдан келтирилган, қолган қисмини таниқли арабшунос олим Қайрат Саки шахсий архивидаги ҳужжатлар ва архив маълумотлари ташкил қилади.

АСИЯ АЙТЕНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ АРХИВИ ХОДИМИ: 

- Мазкур экспозицияда Миллий архив фондларида 83-рақам остидаги жамғармада сақланаётган ҳужжатлар намойиш қилинган. Ушбу ҳужжатлар 2004-2006 йилларда «Маданий мерос» дастури доирасида келтирилган, улар хорижий давлатлардаги мамлакатимизга оид архивлардан олиб келинган, Султон Бейбарс ҳукмронлиги даври тарихига тегишли бўлган ҳужжатлар.

Кўргазмада жами бўлиб, 20 дан ортиқ архив, 20 дан ортиқ фотоҳужжат тақдим этилган. Улар шундан далолат берадики, Султон Бейбарс тахтда ўтирган пайтда меъморчилик билан бирга  фан, таълим, маданият ва адабиёт ҳам равнақ топган. Йирик шаҳарларда эса масжид-мадрасалар, саройлар, савдо нуқталари барпо қилинган.

ГУЛИМ ИДИРИСОВА, КЎРГАЗМА МЕҲМОНИ:

- Тадқиқотлар, илгари нашр қилинган ёзма гувоҳликлар, фотосуратлар - шулар бари Миллий музейимизда томошабин эътиборига тақдим этилган. Умид қиламизки, кўргазма воситасида юртдошларимиз миллий тарихимизга янгича назар ташлашга муваффақ бўлади.

Дарвоқе, юбилей санаси – Дашти Қипчоқдан чиққан Миср мамлуклари сулоласи асосчиси таваллудининг 800 йиллиги ҳар икки давлатда – Мисрда ва Қозоғистонда йил бўйи байрам қилинади. Бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси