Қозоғистонда иккинчи икинчи суперкомпьютер
кластери ишга туширилиши режалаштириляпти. Бугун Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Digital
Bridge 2025 халқаро технологик форумида шундай баёнот берди. Бу майдонча
рақамли иқтисод ва глобал трансформация юзасидан фикр алмашиш ва ташаббусларни
илгари суришга мўлжалланган бўлиб, сунъий интеллект даврида унинг аҳамияти
янада ортди. Янги технология сиёсат, иқтисод ва миллиардлаб одамларнинг
кундалик ҳаётини кескин ўзгартиради. Аналитиклар ҳисобига кўра, СИ ривожи учун
киритилган глобал инвестициялар ҳажми бугунги кунга келиб бир триллион
доллардан ошди. АI технологияларининг дунё иқтисодига қўшган улуши келгуси ўн
йил давомида етти триллион долларга етади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича,
бунда энг муҳими сунъий интеллектдан фақат тинчлик мақсадида фойдаланиш керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- БМТ Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган
сессиясида мен Қозоғистоннинг БМТ васийлигида сунъий интеллектни бошқариш
бўйича глобал мулоқот барпо этиш таклифи билан чиқдим. Биз ҳамкорлар, шу
жумладан, Хитойнинг СИ соҳасида ҳамкорлик бўйича глобал ташкилот тузиш
тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз.
Қозоғистонда ҳозир ягона рақамли экотизим
шаклланяпти. Бунинг учун мамлакатда сунъий интеллект бўйича тадқиқот
университети ташкил этилади ва СИ халқаро маркази — Alem.ai очилади.
Республикада рақамли ўзгаришлар фаол ривожланишида Сунъий интеллект ва рақамли
тараққиёт вазирлиги асосий ўрин тутади. Сунъий идрокдан фойдаланиш бўйича
ҳуқуқий база яратилади. Шунингдек, самарали Рақамлаштириш кодекси ишлаб чиқиш
жуда муҳим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- Ҳар бир давлат хизмати рақамли форматда
яратилиши зарур. Бир марта берилган маълумот такрор сўралмаслиги керак. Бундан
ташқари, барча давлат ва фуқаролар ўртасидаги алоқаларга таъсир кўрсатувчи ҳар
бир ҳужжат тасдиқланишидан илгари албатта рақамли экспертиза орқали ўтиши
керак. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча бюрократиядан қутулишига, уларнинг
давлат ташкилотларига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Президент таъкидлашича, рақамлаштириш ва
нейротармоқлардан кенг кўламда фойдаланиш Қозоғистоннинг янги давлатчилик фалсафасига
айланиши зарур. Катта миқдордаги маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилишга
қодир бўлган ақлли технологиялар стратегик режалаштириш самарадорлигини
оширади. Форумнинг фахрий меҳмони, Венгрия Президенти Тамаш Шуйок ўз нутқида СИ
инсон ҳуқуқлари ва этика меъёрларига мувофиқ ривожланиши лозимлигини
таъкидлади. У Қозоғистоннинг бу соҳадаги муваффақиятларини кўрсатиб ўтди, мамлакатнинг
технологик тараққиёт хабларидан бирига айланганини тилга олди. Форум келаси
йилдан номини AI Bridge деб ўзгартиради. Лекин унинг миссияси аввалгидек
технологик гигантлар ва стартаплар, бизнес ва фан, давлат ва фуқаролар ўртасида
алоқа ўрнатишдан иборатлигича қолаверади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

