Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни доирасида Чимкентда «БалаШим» деб номланган очиқ осмон остидаги фестиваль бўлиб ўтади. Ташкилотчилар айтишича, тадбирда бутун Қозоғистондан 29 нафар ёш ижрочи иштирок этади. Улар орасида «Болалар Евровидениеси», «Бала дауси», «Жулдизай» ва «Бўзтўрғай» каби танловлар ғолиблари бор. Мусиқали лойиҳани 1 июнь куни Qazaq-TV телеканалида томоша қилиш мумкин.
Жан Муқанов, продюсер:
– «Балашим» болалар фестивали жорий йилда Болаларни ҳимоя қилиш куни доирасида илк марта бўлиб ўтмоқда. Бутун дунёдаги вазият туфайли томошабинлар тадбирга кела олмайди. Шу боис, биз фақат телевариантини суратга оламиз. Оқшом бошловчилари Аминка-Витаминка ва Мақпал Исабекова. Тасвирга олиш ишлари open air форматида бўлади. Жанрлар турли-туман. Ушбу лойиҳада турли соҳада қобилиятли ўғил-қизлар саҳнага чиқади. Шунинг учун биз барча жанрни – эстрада, инглиз ва қозоқ тилидаги ижрони қамраб олдик, ҳар хил қўшиқлар айтилади. Умид қиламанки, бу лойиҳа ўта қизиқарли ва жозибали бўлади.
Айтиш жоиз, жорий йилда тадбир фестиваль тарзида ўтказилса, келаси йили танлов шаклида бўлиб ўтади. Келажакда ташкилотчилар тадбир халқарога айланишини умид қилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси