Астанада Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити ўз ишини якунлади. Қатор глобал масалаларни ҳал қилиш учун 16 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар етакчилари Қозоғистон пойтахтида тўпланди. ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилиши доирасида жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантирувчи қатор масалалар муҳокама қилинди. Қозоғистон Президенти таъкидлашича, ШҲТ барқарор ўсишга ўз улушини қўшган ҳолда энг нуфузли халқаро тузилмалардан бирига ва халқаро муносабатларнинг муҳим механизмига айланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бугунги босқичда ШҲТ давлатлари иқтисоди юқори, 4-9 фоизлик ўсиш даражасини намойиш қиляпти. Глобал ялпи маҳсулотда ШҲТ давлатлари улуши 30 фоизга етди. Ташкилот га аъзо давлатлар ташқи савдоси ҳажми 8 триллион доллардан зиёд, бу эса жаҳон савдосининг чорак қисми, дегани. Шундан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, кўп жиҳатдан ШҲТга аъзо давлатлар туфайли юзага келган, аҳамиятига кўра тарихий бўлган Осиёнинг иқтисодий ривожланиши дунё иқтисоди учун барқарорлаштирувчи факторга айланди. Қозоғистон Хитойнинг ШҲТ давлатлари ўзининг кенг кўламли бозорларига кириб келишига йўл очиб бериш ва ташкилот аъзолари билан товар айланмасини 3 триллион долларга етказиш ниятини қўллаб-қувватлайди.
Бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам ташкилотнинг халқаро муаммоларни ҳал этишдаги хизматини юқори баҳолади. Уларнинг фикрича, Қозоғистон бу йўналишда катта ишларни амалга оширди. Шанхай ўнлиги давлатларининг келгуси ҳамкорлигида глобал ўзгаришлар шароитида умумийҳаракатларни бирлаштириш устуворлиги асосий ўрин тутади.
Садыр Жапаров, Қирғизистон Республикаси Президенти:
- Хавфсизлик, суверенитет, иқтисодий ривожланиш ва бошқа биз учун ҳаётий муҳим бўлган масалаларда бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши муҳим, деб ҳисоблайман. ШҲТ фаолиятидаги асосий устуворлик сифатида унга аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқлилиги бўлиб қолаверади. Келажакда ҳам ташкилотда барча қарорларнинг фақат консесус асосида қабул қилинишига эришиш зарур, деб ҳисоблайман.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти:
- Эндиликда ташкилотнинг дунё сиёсати ва иқтисодидаги улкан салоҳияти ва ортиб бораётган таъсирига мос янги кун тартибини ишлаб чиқиш вақти келди. Шанхай руҳияти ва хартиянинг асосий тамойилларига таянган ҳолда бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб қолишимиз зарур. ШҲТ доирасида ишонч ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш учун ҳаракатларимизни фаоллаштиришга чақираман.
Си Цзиньпин, ХХР раиси:
- Умумий ҳаракатлар ғалабага, умумий ақл муваффақиятга олиб келади, деб бежиз айтишмаган. ШҲТ доирасидаги синовдан ўтган умумий тажриба, ҳамжиҳатлик ва биргаликда иш юритиш янги ўзгаришларга, янги уфқларга жавоб бериш имкони бўла олади.
Экспертлар фикрича, бу воқеалар тарихга Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг ривожидаги янги давр сифатида киради. Ташкилотдаги раислигини якунлаган Қозоғистон бошқариш эстафетасиниХитойга топширди. Ташкилотнинг бошқарув тузилмаларидаги ваколатлар ҳам топширилди, аввалги ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ўрнига мамлакатимиз вакили Нурлан Ермекбаев иш бошлади.