Таълим, спорт ва саноатда СИ-стартаплар ишга туширилиши мумкин

Таълим, спорт ва саноатда СИ-стартаплар ишга туширилиши мумкин

Қозоғистонда ҳар бир ўқувчининг савияси ва онг даражаси таҳлилига мослаштирилган материаллардан иборат рақамли дарслик ҳамда спортни ривожлантиришнинг технологик платформаси ишлаб чиқилди. AI Kitap ва Olymp IQ лойиҳалари мамлакатимиз мактаблари ва спорт федерацияларида пилот тартибида жорий этилиши кўзланган. Муассасалар рўйхати тузилган. Бу ҳақда Бош вазирга Қозоғистон IT-компаниялари вакиллари билан бўлган учрашувда маълум қилинди. Томонлар ижтимоий соҳадаги СИ-стартапларни муҳокама қилди. Ўлжас Бектенов таъкидлаганидек, сунъий идрокни ривожлантириш ҳукумат олдидаги мақсадлардан бири. Бош вазир юртимиздаги IT-ишланмаларга ҳар тарафлама кўмак кўрсатишни ваъда қилди. Бундан ташқари, саноат соҳасида жорий этиш учун технологияларни ишлаб чиқишга доир ташаббуслар ҳам кўриб чиқилди. Маълумотлар таҳлилининг интеллектуал тизими, прогнозлаш ва автоматлаштириш ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, энергетика ва транспорт секторларида самарадорликни ошириш, чиқимларни камайтириш ва таваккалларни бошқаришга ёрдам беради. Учрашув якунида Бош вазир ваколатли органларга IT-мутахассислар таклифларини кўриб чиқишни топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси