Астанада ноёб ер металлари маркази очилади

Астанада ноёб ер металлари маркази очилади

Астанада ноёб ер металлари минтақавий тадқиқот маркази очилиши Марказий Осиёнинг барча давлатларида геология фаол ривожланишига туртки беради. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистондаги саммитда илгари сурган таклифи Қарағанди вилоятининг Қуйректикўл участкасида йирик ноёб ер металлари кони очилиши унинг долзарблигини кўрсатади. Кон ҳудудида 20 миллион тонна атрофида маҳсулот мавжудлиги аниқланди. Экспертлар фикрича, бу ерда дунёдаги энг йирик геологик кашфиёт амалга оширилди.


Нурлан Маукулов, «Марказқоззамин» Республика давлат муассасаси раҳбари:


- Қозоғистонда ноёб ер металларининг бундай рудасига ўхшаш жой йўқ. Уни янги саноат типидаги захираларга киритиш мумкин. Яъни, унга инвесторларни жалб этиш оқибатида минтақа ва мамлакат учун мультипликатив самара кузатилишига шубҳа йўқ. Агарда биз бундай рудани бойитиш, қимматли компонентларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқа олсак Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги кескин ошади.


Қозоғистон  Европа Иттифоқи иқтисоди учун ўта муҳим бўлган 34 турдаги хомашёнинг 19 таси, шу жумладан, уран, титан, мис, литий, кобальт, вольфрам ишлаб чиқаради. Давлат балансида 100 тадан зиёд ноёб ва ноёб ер металлари кони бор. Умуман олганда, геология ва тоғ-кон соҳаси ижобий динамика намойиш этмоқда. Мамлакатга илғор амалиётлар кириб келаётир. 2018-2023 йилларда бу соҳага миллиардлаб доллар хусусий ва хорижий инвестиция жалб этилди.


Марғулан Байбатиров, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги Геология қўмитаси раиси ўринбосари:


- Шу кунларда ер ости бойликлари йўналиши фаол ривожланаяпти. Ҳозирча разведка учун 3 мингтадан зиёд лицензия бердик. Уларнинг катта қисмига кўра, ҳам разведка ҳам қазиб олиш ишлари амалга оширилади. Натижада, юқори малакали мутахассисларга талаб ортади.


Абдумалик Сарманов таржимаси