Астанада Наврўз шукуҳи

Астанада Наврўз шукуҳи

Бугун мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида баҳорги тенгкунлик байрами – Наврўз нишонланяпти. Ҳамма ерда байрам дастурлари тайёрланди: меҳмонларни миллий ўйинлар, театрлашган томошалар, концерт ва кўргазмалар кутяпти. Астанада этно-овуллар ўрнатилди, мастер-класслар ҳамда анъанавий урф-одатлар намойиши ўтказиляпти. Бундан ташқари, тўкин дастурхон ёзилган. Энг эзгу тилаклар билан меҳмонларга турли таомлар – бўғирсоқ, палов ва Наврўз гўжа тақдим этиляпти. Ёшлар алтибақанларда учяпти, от миниб сайр қиляпти. Пойтахтда Наврўз кунлари элликдан зиёд ўтов ва ўнлаб ҳалинчаклар ўрнатилди.

 

Бахтияр Масанов, Астана Шаҳар Ҳокимлиги Оммавий-Спорт Тадбирлари Дирекцияси Етакчиси:

- 21-22 март кунлари Астананинг 5 туманида кенг кўламли тадбирлар ўтказилади. Спорт тадбирлари Есиль, Бойқўнғир ва Нури туманларида ўтказилади. Шу жумладан, қозоқча кураш, қўчқор кўтариш каби сўнгги йилларда кенг оммалашган миллий спорт турлари, янги тренд сифатида ном қозонган армрестлинг, тош кўтариш, арқон тортиш ва бошқалар бор.

 

22 мартда, Наврўз байрамининг асосий кунида пойтахт аҳли ва меҳмонлари анимация томошалари, айтишув усталари чиқишлари ва Қозоғистон эстрадаси юлдузлари иштирокидаги концертлар, ўтовлардаги мавзуга оид музейларни томоша қила олади. Мамлакатимиз ва Марказий Осиё ҳунармандлари асарларини кўради. Заргарлар, кулоллар, намат усталари ўзларининг бетакрор ижод намуналарини тақдим этади. 24 мартда Есиль соҳилида «Астана Наврўз Марафон» йирик хайрия тадбири ўтказилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.