Алтибақан, ўтовлар, ҳунармандчилик устахоналари. Астанада ўқувчилар учун махсус этнолагерь очилди. Ёзги каникул кунлари бу ерда болалар учун халқ ҳунармандчилигига оид махсус мастер-класслар, тўгараклар иш юритади. Лагерда ҳам амалий, ҳам назарий билимлар берилади. Шу жумладан, қозоқ халқи турмуш тарзи билан таништирилади, Буюк дашт усталарининг малакалари сингдирилади.
Гульшахан Амандиқ, ўқувчи:
– Бундай тўгаракка бир йилдан буён қатнайман, текстил билан ишлаш малакасини сингдирдим. Лекин, менимча, лагерда аввал мен билмаган нарсалар ҳам бор экан. Масалан, намат билан ишлаш, ўтов тикишни кўриб-биляпман.
Еркеназ Кулькабаева, ўқувчи:
– Бу лагерга мен янги нарсаларни ўрганиш учун келдим. Масалан, тўқишни биламан. Энди турли миллий таомлар, шу жумладан, кўжа пиширишгни ўрганишни истайман.
Этнолагерь қошида «Бувилар мактаби» ҳам бор. Унинг бош мақсади миллий анъаналар ва урф-одатларни оммалаштиришдан иборат. Қизлар амалий санъат малакаларини ўзлаштиришади. Ёш бекалар бичиш-тикиш, тўқиш, кашта тикиш, намат босишни ўрганади. Махсус мастер-класслар ўтказилади, уларда қадимий таомлар ва ичимликлар тайёрлашнинг нозик сирлари ўргатилади.
Лаззат Атибай, Астана шаҳридаги 78-мактаб-гимназия ўқитувчиси:
– Болаларни атайин янги тайёрланган қимиз ичиши, унинг қандай тайёрланишини кузатиши учун яқин атрофдаги овулларга атайин олиб борамиз. Фақатгина қимиз эмас, тариқ толқон, қурут, ёзда оммалашиб кетадиган буғдой кўжа ва бошқа миллий таомлар тайёрлашади.
Этнолагерь тарбияланувчилари таътили шу билан чекланмайди. Мактаб-гимназия қошида кўплаб тўгараклар ишлаб турибди. Болалар миллий ўйинлар ўйнайди, қозоқ миллий қўшиқларини куйлайди. Лагерь июль ойининг охиригача фаолият юритади. Ундаги ҳар бир мавсум 2 ҳафта давом этади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.