Қозоғистон товар ишлаб чиқарувчилари янги бозорларни эгаллаяпти. Хитойнинг яна бир провинциясида маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилди. Куни-кеча Цзянсуда кўп вазифали савдо маркази очилди. Унинг павильонларидан бирини асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қозоғистонлик тадбиркорлар эгаллади. Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев маълум қилишича, пештахталарга мамлакатимизнинг 50 та компанияси маҳсулоти қўйилган. Атиги бир соат ичида 15 минг долларга маҳсулот сотилган. Таъкидлаш лозимки, бу маскан фақат Қозоғистон эмас, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари маҳсулотини сотиш учун ҳам хизмат қилади. Бундан ташқари, республикамиз ва Хитой ўртасида Астанада шунга ўхшаш марказни ишга тушириш масаласи муҳокама қилиняпти.
Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
– Цзянсу провинцияси Хитой минтақалари ичида Пекин ва Синьцзян-Уйғур мухтор округидан кейин учинчи ўринда туради. У савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бобида катта салоҳиятга эга. Жорий йилнинг 7 ойи ичида провинция билан товар айланмаси 1,7 миллиард долларга етди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.