Астанада креатив саноат ривожланяпти

Қозоғистон пойтахтидаги «Ozge Epic» креатив хабида этномузей ва ҳунармандлик устахонаси иш бошлади. Унда қозоқ санъатининг анъанавий турларини тиклаш, маданий меросни сақлаб қолиш мақсадида мастер-класслар ўтказилади. Бу ишлар учун болаликдан меҳнат қилишга кўниккан ҳунарманд Бейсбековлар сулоласи масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу оилада қизлар оналари билан кичкиналигидан гобелен газлама, наматдан турли буюмлар тайёрлашган, аждодлар анъанасига мувофиқ гиламлар тўқишган. Эркаклар ҳам бу ишдан четда турмайди. Болалар оталари билан бирга ёғоч, металл, чармга ишлов беради. Берик Бейсбеков таъкидлашича, ҳунармандлар авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган анъаналарни бошқаларга ҳам ўргатишга, тақдим этишга тайёр. 

Берик Бейсбеков, Қозоғистон Республикаси Рассомлар уюшмаси аъзоси, Қозоғистон Республикаси Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси:

- Бу ерда қозоқ миллий ҳунармандлигини ўзлаштиришни истаганлар учун мастер-класслар ўтказамиз. Бу ерга келиб турли касбларни ўрганиш мумкин. Наматдан ҳар хил нарсалар ясай оласиз. Шунингдек, бош кийим, ипак шарфлар, пойабзал, болалар учун нимчалар бўйича мастер-класслар бор. Шунингдек, чарм қамчи, замонавий билагузук, ҳамёнлар ясашни ўрганасиз. Гиламдўзлик санъати бўйича ҳам мастер-класслар бор. 

Бу ерга қозоқларнинг анъанавий маиший ҳаёти қандай бўлганини томоша қилишни истаган сайёҳлар ҳам келади. Устахонанинг ўзида турли эсдаликлар харид қилиш мумкин. Масалан, анъанавий қозоқ туморлари, гилдан ясалган, бўялган жониворлар шакллари, кумуш тақинчоқлар, жундан ясалган ўйинчоқлар, ошиқлар ва бошқа сувенирларни сотиб олиш мумкин. Хаб таркибида жами 6 та зал бор. Улардан бири турли адабий, мусиқий кечалар, семинарлар, тақдимот ва тренинглар ўтказиш учун мўлжалланган. Шу ернинг ўзида замонавий рассомлар кўргазмаларини ўтказадиган арт-галерея, театр майдончаси, китоб ва смарт заллари мавжуд. 

Малика Мирза, «Оzge epic» креатив хаби лойиҳа-менежери, Астана  шаҳри:

- Давлат раҳбарининг креатив саноатни ривожлантириш билан боғлиқ топшириғи доирасида қозоқ тилини илгари суриш учун кенг имкониятлар тақдим этилади. Астанада «Ozge Epic» креатив хаби очилди. Ундан мақсад – замонавий, рақобатбардош қозоқ санъати ва ҳунармандчилигини ривожлантириш. Айни вақтда, умуман олганда, креатив хаб турли соҳаларда ишлаётган иқтидорли ижодкор ёшлар асарларини илгарилатишга мўлжалланган. 

Таъкидлаш лозимки, креатив хаблар ҳозир Алмати ва Туркистонда ҳам очилди. Яқинда мамлакат ғарбида – Уральскда ҳам ижодий майдонча иш бошлайди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.