Қозоғистонда 2025 йилга бориб, қурилиш саноатида 165 та янги лойиҳа амалга оширилади. Бу маҳаллий бозорда қурилиш материаллари импортидан воз кечиш имконини беради. Шу мақсадда тахминан 1 триллион 66 миллиард тенге маблағ сарфланган. Шу билан бир қаторда, мамлакатда 16 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бу хусусда Ҳукумат йиғилиши давомида Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамқулов маълум қилди. Унинг айтишича, янги корхоналар ишга туширилиши темир-бетон маҳсулотлари, қуруқ аралашмалар, ғишт, ойна, кабель, ДСП ва фасад панелларига бўлган ички эҳтиёжни тўла қоплайди. Бундан ташқари, шу йўл билан қурилиш материалларида импорт улуши икки марта камаяди. Умуман, бу чоралар, дейди вазир, республикада уй-жой нархи қимматлашувига йўл қўймасликка йўналтирилган.
Бейбут Атамқулов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:
- Мазкур лойиҳалар йўлга қўйилиши ички бозорда импорт улушини 60 га камайтириш, қурилиш ашёлари нархи ўзгаришини тўхтатиш имконини беради. Янги лойиҳалар ишга туширилиши 2025 йилгача 10 дан ортиқ турдаги маҳсулотларга йиллик ўртача 700 миллион долларлик эҳтиёжни қоплашга замин яратади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.