Астанада «Қозоғистон – Германия» бизнес-форуми ўтказилди

Қозоғистон ва Германия умумий қиймати 55 миллиард доллар бўлган 66 та лойиҳадан иборат қўшма инвестициявий портфель шакллантирди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва федерал канцлер Олаф Шольц иштирок этган бизнес-форумда шундай баёнот берилди. Давлат раҳбари фикрича, яқин дипломатик муносабатлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш учун асосий омил бўлиб хизмат қилади. Рақамларга келганда, ўтган йили республика иқтисодига киритилган бевосита немис инвестициялариниг ҳажми рекорд даражага - 770 миллион долларга етди, ўсиш 64 фоизни ташкил қилди. Томонлар бу билан чекланиш ниятида эмас. Қозоғистон  янги инвестициявий циклни ишга туширди ва 2029 йилгача 150 миллиард доллар сармоя жалб этиш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўрсатди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Прагматик формула: «Ўта муҳим хомашё эвазига инвестиция ва технологиялар» форматида табиий захираларни қазиб олиш ва қайта ишлаш. Бизнинг минерал-хомашё базамиз 5 мингдан зиёд разведка қилинмаган конлардан иборат, улар триллионлаб долларга баҳоланади. Бугунги кунда биз Европа учун ўта муҳим бўлган 34 та ноёб-ер материалларидан 19 тасини ишлаб чиқарамиз. Фаолиятимиз доирасида Минерал захиралар бўйича Германия агентлиги ва қозоғистонлик ҳамкорлар ўта муҳим хомашё савдоси бўйича консорциум тузмоқда. 

Агросаноат мажмуаси, фармацевтика, рақамли технологиялар ва энергетика. Бу соҳаларда ҳамкорлик учун катта имкониятлар бор. Қозоғистон  жаҳон бозорларига, шу жумладан, тикланадиган энергия захираларини етказиб беришни кенгайтира олади. Германиянинг Svevind group компанияси Европа бозори учун «яшил водород» етказиб бериш ҳамда Қозоғистонга 50 миллиард доллар инвестииция киритмоқчи. Логистика соҳасида ҳам имкониятлар катта. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўрта йўлакни Трансевропа транспорт тармоғи ва Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси билан улашни таклиф этди. Бу эса Ғарб ва Шарқ ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш имконини беради. АХММ ни ҳам унутмаслик керак.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

– Бугунги кунда Астана халқаро молия маркази инвестициялар, инновациялар ва молиявий хизматлар минтақавий марказига айланди. У сармоя жалб этиш, енгиллаштирилган солиқ, виза ва меҳнат сиёсати, ҳар бир инвесторни қўллаб-қувватлаш, Британия қонунчилигига асосланган холис суд тизими бўйича мисли кўрилмаган қулай шартлар таклиф этади. Ҳозир унда дунёнинг 80 та давлатидан келган уч мингта, шу жумладан, 20 та немис компанияси иш юритади. Улар сони янада ошишига умид қиламиз.

Бизнес-форум доирасида ва немис делегацияси ташрифи оқибатида жами 6 миллиард доллар қийматга эга 35 та ҳужжат имзоланди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.