Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми деярли 4 фоизга ўсди

Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми деярли 4 фоизга ўсди

Жорий йилда 65 та сут-товар фермаси барпо этиш учун 100 миллиард тенге йўналтирилади. Бу корхоналарда йилига 370 минг тоннадан кўпроқ сут олиниши мумкин. 2024 йилда яна 50 та шундай ферма бунёд этилади. Бу ишга 113 миллиард тенге ажратилади. Ҳукумат йиғилишида Қишлоқ хўжалиги вазири шу ҳақда маълум қилди. Мажлисда 2022-2024 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш режаси кўриб чиқилди. Ербўл Қарашукеев таъкидлагани каби, асосий сабзавот турлари бўйича ички бозор эҳтиёжи тўлиқ қопланган. Ҳозирги вақтда асосий эътибор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун инфратузилма барпо этишга қаратилмоқда. Шу тариқа, йил охирига қадар 29 та омбор қурилади. Умуман, республикада 1 минг 200 дан зиёд сабзавот сақлаш жойлари мавжуд, улар 2 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сиғдира олади. Мамлакатимизда ўтган йили озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми деярли 4 фоизга ошди ва тахминан 3 триллион тенгега етди.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Ўтган йили республика агросаноат мажмуаси ривожида ижобий динамика кузатилган, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экин далалари майдони кенгайиши ҳисобига бўлди. Шу тариқа, қишлоқ хўжалигидан ялпи маҳсулот ҳажми 9 фоизга ўсиб, 9,3 триллион тенгени кўрсатган. Ўсишнинг асосий триггери ўсимликшунослик маҳсулотларини тайёрлаш ҳажми 15 фоизга ошгани. Режани амалга оширишдан ташқари, самарасиз воситачиликка йўл қўймаслик,  ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархини мониторинг қилиш ва бозорни тартибга солиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хуршида Абдуллаева таржимаси