«Опералия»
фестивали доирасида «Астана Опера» театрида Винченцо Беллинининг «Капулетти ва
Монтекки» операси премьераси ўтказилди. Халқаро
опера академияси постановкаси ёш ижрочилар ва машҳур саҳна усталарини
бирлаштирган асосий воқеалардан бирига айланди. Спектакль постановкачи
режиссёри, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Евгений Чайников таъкидлашича, артистлар
репетициялар давомида ва премьера куни бор кучини сарфлади. Асарнинг мазмуни,
ундаги эҳтирослар теранлигини намойиш қилди. «Қурмет» ордени соҳиби, дирижёр Руслан
Баймурзин раҳбарлигидаги симфоник оркестр асарга уйғун янгради. Маэстро бу
операнинг Қозоғистон саҳнаси учун бебаҳолигини таъкидлади ва у партитурани
замонга мослаштириш ғоясидан воз кечганини, Жульетта ҳамда Ромео дуэтларидаги
сопрано ва меццо-сопрано уйғунлигини сақлаб қолганини айтди.
Руслан Баймурзин,
«Астана Опера» театри дирижёри:
- Ушбу постановкада биз фақат Ромео ва Жульеттанинг муҳаббатини куйладик. Очиғини
айтганда, мазкур зиддият бугунги кунда ҳам долзарблигича қоляпти. Сиёсатни ҳам,
турли фракциялар ва ҳатто оилалар ўртасидаги можаролар бор. Яъни, афсуски,
ҳамон қон даъволари мавжуд. Воқеалар марказида эса, албатта, муҳаббат турибди.
Томошабинлар бизнинг меҳнатимиз, интилишимиз, овозларимизни муносиб баҳолашига
умидворман.
Ромео
партияси кучли вокал тайёргарлигини талаб қилди. Уни ёш вокалист Василиса
Савкина ижро қилди. Вокал маҳоратидан ташқари, ижрочи актёр маҳоратини
кўрсатиши, ўз персонажи — ёш йигит шаклида саҳнага чиқиши керак эди. У юришини, ўзини тутишини ўзгартиришига тўғри
келди. Василиса таъкидлашича, репетицияларда, спектаклда
эркак образини хаёлида ушлаши, унинг ҳиссиётларини фақат вокалда эмас, актёр
сифатида ҳам кўрсатиши лозим бўлди.
Василиса Савкина, Ромео партияси
ижрочиси:
-
Беллини Ромео партиясини драматик
меццо-сопрано учун ёзганди. Яъни, унда опера ижрочиси учун катта диапазон талаб
қилинарди. Меццо-сопранода 2,5 октава бор. Бу эса катта технологик
тайёргарлик талаб қилади. Жуда узоқ вақт ҳам. Яъни, яккахон матнларни 2024 йил
декабридан бошлаб ёдлай бошладим. Мусиқа жуда ёқимли, ҳар жиҳатдан ажойиб асар.
Лекин мана шундай техник мураккабликлар мавжуд, уларни унутмаслик керак. Саҳнада
бўшашиш мутлақо мумкин эмас.
Постановка
яратувчилари ўрта асрлар муҳитини аниқ кўрсатиб беришга интилди. Вокал, актёр
ўйини ва визуал санъат уйғунлашуви орқали опера драматургиясини жонлантирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

