Қозоғистонда ягона қурилиш портали шаклланади

Қозоғистонда ягона қурилиш портали шаклланади

Мамлакатимизда қурилиш сифатини назорат қилишнинг янги талаблари жорий қилинади. Мажилис Қурилиш кодексини иккинчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатда соҳани назоратга олишнинг асосий устуни ўлароқ рақамли технологияларга афзаллик берилган. Бундан буён лойиҳалаштиришдан бошлаб, фойдаланишга топширишга қадар барча қурилиш босқичлари ягона рақамли порталда акс эттирилади. Ҳозирда юртимиздаги қурилиш объектлари ва муҳандислик тизимларининг 90 фоиздан ошиғи «Е-құрылыс» порталига киритилди. Бундан ташқари, ҳар бир янги бино ягона мувофиқлаштирувчи рақамли паспорт олади. Ижтимоий объектларга ер майдони ажратиш, сейсмик хавфни кўзда тутиш, табиат зоналарида қурилиш ишларини чеклаш тўғрисидаги меъёрларни амалга оширишда сунъий идрок қўлланади. Шу билан бирга, қурилиш сифатини стандартлаштириш махсус илмий институтга топширилиб, жаҳон сифат талабларига мувофиқлаштирилади. 

Мурат Абенов, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати: 

- Фуқаролар фикрларини ўргандик, бир нечта жамоат ташкилоти фаоллари, олимлар бу ерга келди. Мажилисда махсус жамоатчилик палата йиғилиши ўтказилди. Замон талабларига мувофиқ, Европа стандартларини жорий этиб, асос яратилди. Топшириқ бўйича давлат назорати масаласи тартибга солинади, текширув стандартлари жорий этилади.  

Қозоғистонда Мажилис банклар ва банк фаолияти тўғрисида қонун қабул қилди 

Шунингдек, Мажилис йиғилишида «Банклар ва банк фаолияти» тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ҳужжатда банкларнинг фуқаролар шахсий маълумотларини муҳофаза қилиши ҳамда фойдаланиши бўйича ўзгаришлар таклиф этилган. Бундан кейин қозоғистонликлар молиявий ташкилотлар биометрик маълумотлардан қачон ва қай мақсадда фойдалангани ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга,  рақамли имзодан фойдаланиш, фуқаронинг тўлов қобилиятини аниқлаш учун зарур маълумотлар очиқ бўлиши таъминланади.  

Абдумалик Сарманов таржимаси