«Астана» халқаро молиявий маркази ва
Халқаро арбитраж марказида 5 йил давомида 2 минг 200 дан зиёд иш кўриб чиқилган.
Улар бўйича қабул қилинган қарорларнинг ҳаммаси тўла бажарилди. Медиация
усулида 1 минг 748 та иш келишув билан тугаган, 74 таси бўйича суд ва 447 таси
бўйича арбитраж қарори чиқарилган. Евроосиё арбитражи кунларида марказ
вакиллари ўз фаолияти тўғрисида маълумот берди. Уч кун давомида Астанада
Қозоғистон, АҚШ, Буюк Британия, қатор Европа ва Осиё давлатларининг етакчи экспертлари қарор қабул қилишда халқаро
тренд ва амалиётларни қўллаш масалаларини муҳокама қилади. Бизнес вакиллари,
инвестор ва ҳуқуқшунослар учун арбитрлар ҳамда медиаторлар тренинглар ҳамда мастер-класслар
ўтказади.
Кристофер Кэмпбелл-Холт,
«Астана» халқаро молиявий маркази ва халқаро арбитраж маркази рўйхатга олувчиси
ва девон раҳбари:
- «Астана» халқаро
молиявий маркази ва Халқаро арбитраж маркази суди Қозоғистонга инвестиция жалб
этишда катта ўрин тутади. Улар ишонч уйғониши учун хизмат қилади. Яъни бирор муаммо
туғилса, бизнесда тортишув кузатилса, томонлар арбитраж марказининг арбитраж суди
ҳуқуқ-манфаатларни ҳимоя қилишига ишонади. Бу ҳудудда 100 фоиз қонун
устуворлигига риоя этилади. Ҳозир халқаро арбитраж маркази ва суд Евроосиё
минтақасида кузатилаётган турли баҳсларни тўғри ҳал этишга хизмат қилувчи ушбу форматдаги
ягона ташкилот ҳисобланади. Барча йирик инвесторлар, хорижлик сармоядорлар унда
тўпланган тажриба ва амалиёт туфайли ҳуқуқ- манфаатларини ҳимоя қилиш учун
барча шарт-шароитлар яратилганини яхши тушунади.
Эслатамиз, «Астана»
халқаро молиявий маркази ва Халқаро арбитраж марказида баҳсларни ҳал қилиш учун
инглиз ҳуқуқи асосларидан фойдаланилади. Арбитраждаги муаммолар ечимини топишда
энг кучли халқаро мутахассислар жалб этилган, улар 2018 йилдан буён мамлакат ҳудудида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Халқаро экспертлар фикрича, бу Қозоғистоннинг
Евроосиё миқёсида арбитраж хабига айланиши учун имконият яратади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.