Астанада E-LIGHT халқаро фестивали ўтказилди

Астанада E-LIGHT халқаро фестивали ўтказилди

Қозоғистон ва Хитой мулоқоти ёшлар орқали кучаймоқда. Астанада Хитой миллий нефть-газ корпорациясининг лойиҳаси бўлган E-LIGHT форуми бўлиб ўтди. Унда экспертлар, энергетика соҳаси вакиллари, дипломатлар, ёш мутахассислар, жами 100 нафарга яқин делегат иштирок этди. Қатнашчилар Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги Энергетик Ипак йўли истиқболлари, иқтисодиётга рақамли ечимларни жорий этиш, ёшларнинг касб малакаси масалаларини муҳокама қилди. Ташкилотчилар ёш муҳандислар ва тадбиркорлар технологик янгиланиш ва халқаро ҳамкорлик жараёнларининг муҳим қисмига айланиб бораётганини таъкидлади. Учрашув якунида ёшлар ҳамкорлигини мустаҳкамловчи декларация қабул қилинди.


Хунцзинь У, CNPC ташқи алоқалар раҳбари:


- Айнан Қозоғистоннинг ушбу лойиҳани қабул қилаётгани, мулоқот майдонига айланаётгани муҳим. Биз компаниямиз ютуқлари, келажакни қандай кўраётганимизни баён этишни истаймиз. Рақамлаштириш, янги технологиялар, энергетикани ривожлантириш ва ёшларнинг маданий ҳамкорлиги. Декларациянинг қабул қилиниши ёшларнинг қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишига ёрдам беради, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.


Ержан Абилханов, CNPC International Kazakhstan бошқарувчи директори:


- Бугунги форум мақсадларидан бири - ташқи ҳамкорлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунда биз ишлаб чиқариш ва техник масалалар бўйича тажриба алмашиш доирасидан чиқамиз. Анжуманда илмий ҳамжамият вакиллари ҳам иштирок этмоқда, улар ўз ғоялари, келгуси 5-10-20 йилга мўлжалланган прогнозлари билан ўртоқлашишга тайёр. Бу эса сунъий идрок, рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича стратегияни мослаштиришга ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.