Астанада Қозоғистон ва Латвия бизнес-форуми ўтказилди

Астанада Қозоғистон ва Латвия бизнес-форуми ўтказилди

Қозоғистон ва Латвия агросаноат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Томонлар Астанада бўлиб ўтган қўшма бизнес-форумда ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айирбошлаш ҳажми 51 миллион доллардан ошди. Ва бу кўрсаткич бир неча марта кенгайиши кутиляпти. Мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат саноати, ветеринария, таълим ва соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кучайтиради.

Ермек Кенжеханули, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари:

- Биз Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозоғистон ҳудудида чуқур қайта ишлаш, сўнгра Латвия орқали, ушбу мамлакат портларидан фойдаланган ҳолда Европа давлатлари ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиш таклифини киритдик. Агар ташаббус қўллаб-қувватланса, биз қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрмиз.

Латвия Қозоғистон зироатчилик маҳсулотларини Болтиқбўйи орқали ташиш имкониятларини оча олади. Ўтган йилдан буён Қозоғистон Латвия портлари орқали дон транзитини кенгайтирди, мазкур кўрсаткич жами 750 минг тоннага етди. Ўз навбатида, латвиялик тадбиркорлар учун мамлакатимиз орқали Марказий Осиё, Хитой ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имконияти очилмоқда.

Янис Ирбе, Латвия Республикаси Иқлим ва энергетика вазирлиги парламент котиби:

- Делегациямиз таркибида Латвиянинг барча портлари вакиллари бор. Бизда логистика соҳаси катта аҳамиятга эга. Бунда кўплаб янги алоқалар боғланиши, учрашув тадбиркорларимиз учун самарали бўлишига умид қиламиз. Ўйлайманки, ҳамкорлик бўйича аниқ шартномалар ҳам тузилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси