Қозоғистон архивлари сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтиради. Астана
шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро архивчилар конгрессида соҳага сунъий интеллект
технологияларини жорий этиш бўйича ечимлар тақдим этилди. Шу жумладан, Марказий
Осиёда тенги йўқ AI
Geotopography тизими архив омборларини автоматлаштириш учун мўлжалланган. AI
Archival Recognition System эса қўлёзма ва босма матнларни ўқийди, натижада
ҳужжатларни тартибга келтириш вақти 40 марта ошиши учун имкон яратилади.
рақамли ноу-хаулар босқичма-босқич жорий этилади.
Қайрат Алимғазинов, Қозоғистон Республикаси Президенти архиви директори:
- Қозоғистон Республикаси Президенти
архивида жорий йилда қабул қилинган ва 2030 йилгача мўлжалланган рақамли
стратегия мавжуд. Рақамлаштириш жараёнини ўн йил аввал бошлаганмиз. Бугунги
кунгача 31 миллион саҳифа архив ҳужжатлари рақамли форматга ўтказилди.
Тадқиқотчилар учун энг катта қизиқиш уйғотадиган ва энг юқори талабга эга барча
биринчи тоифали ҳужжатлар фойдаланувчиларимиз учун рақамли форматда мавжуд.
Рақамли ва сунъий интеллект технологиялари туфайли мамлакатимиз архивлари
келажакнинг технологик марказларига айланмоқда.
Конгресс Қозоғистон Президенти архиви ташаббуси билан ташкил этилди. Унда 30 мамлакатдан 500 нафардан зиёд IT-экспертлари ва тадқиқотчилар, шунингдек, БМТ, ЮНЕСКО ва Халқаро архивлар кенгаши вакиллари иштирок этмоқда. Архив ишини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича Қозоғистон тажрибаси қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Форум доирасида Буюк Британия Миллий архиви ва Халқаро архивлар кенгаши билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ҳамкорлик халқаро алоқаларни мустаҳкамлайди, халқаро стандартлар, архив соҳасидаги таълим дастурлари ва жаҳон даражасидаги профессионал лойиҳалардан фойдаланиш имкониятини яратади.
Жозе Кирпс, Халқаро архивлар кенгаши президенти:
- Ушбу меморандум Халқаро архивлар кенгаши ва Қозоғистон, шунингдек,
Марказий Осиёнинг барча давлатлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш имконини
беради. Ташкилот учун бу жуда муҳим, чунки Қозоғистон ва минтақа давлатлари
бизга катта билим ва тажриба олиб келади. Қозоғистон билан ҳамкорлик қилишдан
мамнунмиз. Бу биргаликда архив ишини ривожлантиришда янги ёндашувлар топиш имконини
беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

