Астанада биринчи Чегарачилар шаҳарчаси очилди. «Batyrlar» ҳарбий-ватанпарварлик марказида ўзига хос майдонча барпо этилди, бу ерда кейинчалик ўз келажагини армияда хизмат қилишга боғлаши мумкин бўлган мактаб ўқувчилари тайёргарликдан ўтади. Ихтисослаштирилган шаҳарча барпо этиш таклифини Миллий хавфсизлик қўмитаси қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, бу ерда чегарачилар минораси, назорат-текширув чизиғи, Қозоғистон давлат белгиси пайдо бўлди.
Аманжўл Ўразбаев, Қозоғистон Республикаси МХҚ захирадаги полковниги:
– Биз жанговар тайёргарлик бўйича иккита инструктор олишни ўйлаяпмиз. Тарбиявий ишлар бўйича битта инструктор, тактик тиббиёт ва ҳарбий-ватанпарварлик маркази раҳбари. Айни пайтда, келгусида зобит бўлишни орзу қиладиган, ўзини армия хизматига бағишлашни ёки ҳарбий хизматга тайёргарликдан ўтишни истайдиган 200 га яқин ўқувчи жалб қилинади. Бу ерда уларни эркин жойлаштириш ва юксак даражада таълим бериш мумкин.
Чегара хизматининг ўзига хос жиҳатларини ўзлаштириш, кейинчалик Ватан ҳимоячиси бўлиш истагидагилар сони кам эмас. Айдина Нурғали айтишича, шундай жойда таҳсил олиш унинг орзуси бўлган.
Айдина Нурғали, «Batyrlar» маркази тарбияланувчиси:
– Бу узоқ вақтдан бери менинг орзу-мақсадим эди. Бу ерга ҳаётда ўз ўрнимни топиш учун келдим. Аввалига менга оғир бўлди. Бироз вақт ўтганидан сўнг кўникдим, тайёрланяпман. Менимча, агар одамда ватанпарварлик ҳисси бўлса, у янги билим ва малакаларни ўзига сингдира бошлайди.
Келажакда «Batyrlar» марказида бошқа вазирлик ва муассасалар шаҳарчаларини ҳам очиш режа қилинган. Хусусан, Мудофаа, Ички ишлар, Миллий гвардия. Бунинг учун тегишли ер участкалари ажратиб қўйилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.