Астанада бўлиб ўтган Digital Bridge форумида 30 тадан зиёд меморандум имзоланди

Астанада бўлиб ўтган Digital Bridge форумида 30 тадан зиёд меморандум имзоланди

Астанада бўлиб ўтаётган Digital Bridge халқаро форуми доирасида 30 тадан зиёд ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Марказий Осиёнинг энг йирик технологик майдончаси ўттизтага яқин давлатдан 30 мингтача инвестор, эксперт, стартапер ва IT-компания вакилларини жамлади. Анжуман пленар йиғилишида Бош вазир Ўлжас Бектенов Қозоғистон Ҳукумати стратегик муҳим лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича биргаликда иш юритишга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев белгилаб берган ривожланиш устуворлиги ҳисобланади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Бугунги кунда рақамли инфратузилма ривожланяпти, таълим марказлари очиляпти, 20 тадан зиёд олий таълим даргоҳларида сунъий интеллект ўқитиляпти. AI Qyzmet, AI Sana, Tomorrow School ва QazCoders дастурлари асосида 500 минг нафар фуқаро сунъий интеллект асосларини ўзлаштиряпти. Шунингдек, тегишли ташкилотлар тузилишига эътибор бериляпти. Қозоғистон дунёда «электрон ҳукумат» бўйича 24- ва онлайн-хизмтлар бўйича 10-ўринда. 

Форум доирасида Digital Bridge Awards танлови ғолиблари мукофотланди. Мамлакат Бош вазири мамлакатнинг энг яхши IT-лойиҳалари ва рақамли ташаббусларни тақдирлади, мамлакат компаниялари ва стартаплари тақдим этган рақамли ечимлар кўргазмасида қатнашди.

Нурасил Жарбасов, ишланма муаллифи:

- Бизнинг Қозоғистонда ишлаб чиқарилган датчикларимиз нефть қудуқлари ишини такомиллаштиради, самарадорлигини ва маҳсулдорлигини оширади. Бу – Vanguard-AI тизими, унинг микропроцессорлари ускуналарга осонгина ўрнатилади, ҳозир амалда қўлланиляпти. Биз АҚШнинг иккита компанияси шартнома туздик, бу технология уларда ҳам кенг қўлланиляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси