Астанада 12-Халқаро анжуман бўлиб ўтади

Астанада наноматериаллар ва энергия сақловчи илғор тизимларга бағишланган 12-Халқаро анжуман - INESS-2024 бўлиб ўтади. Қозоғистон, Япония, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия, Россиядан келган олимлар аккумулятор саноатининг истиқболли йўналишларини муҳокама қилади. Анжуманда асосий эътибор батареяларнинг минимал ҳажми ва оғирлигини сақлаб қолган ҳолда энергия сиғимини ошириш, шунингдек, уларни ишлаб чиқаришда қўлланадиган технологияларнинг хавфсизлиги ва экологик тозалигини яхшилаш усулларига қаратилган. Бу йўналишдаги янгиликлар, дейди мутахассислар, келгусида батареялар таннархини сезиларли пасайтириб, энергия сақловчи тизим ишончлилигини таъминлаши мумкин. Ушбу тадбир мамлакатимиз олимлари ва Назарбоев Университети талабалари ҳамда халқаро илмий ҳамжамият вакиллари ўртасида фаол ҳамкорлик учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Жумабай Бакенов, Муҳандислик ва рақамли фанлар мактаби профессори: 

– Анжуман кенгайди, дастлаб биз уни аккумуляторларга бағишлаб ўтказгандик, ҳозир эса тадбир сенсорлар, яримўтказгичлар, водород энергетикаси, тикланувчи энергетика ва бошқа соҳалар бўйича секторларни ўз ичига олади. Қозоғистонда литийли-ионли аккумуляторлар учун муҳим бўлган материаллар жуда кўп, биринчидан, бу - никель. Биз таркибида никель бўлган материалларнинг дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланамиз. Назарбоев Университетида ўз гуруҳимиз бор, технологияларга эгамиз. Бугунги кунда уларни таклиф қилмоқдамиз, компаниялар билан музокара олиб бориляпти. 

Сун Су Ким, Чунгнам миллий университети профессори:

– Биз энергия сақловчи восита сифатида батареядан фойдаланамиз, шу боис, биз учун унинг самарали ва хавфсиз ишлаши аҳамиятли. Материаллар борасида Қозоғистон литий, никель ва айрим ўтказувчи металлар сингари табиий захиралари туфайли катта афзалликларга эга. Биз икки давлат – Корея ва Қозоғистон ўртасидаги шерикликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.