Астанада биринчи марта 21-Халқаро Жаутиков олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Унда математика, физика ва информатика бўйича энг яхши ўқувчилар аниқланиши кўзда тутилган. Иштирокчилар ўз билим-малакаларини икки турда – назарий ва амалий жиҳатдан намойиш қилиши керак. Олимпиада топшириқлари халқаро ҳакамлар томонидан ишлаб чиқилган. Мусобақада 15 давлатдан келган 700 нафарга яқин ўқувчи иштирок этмоқда. Қозоғистондан ташқари Астанага Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари, шунингдек, Туркия, Грузия, Болгария, Руминия, Сербия ва Монголиядан мактаб ўқувчилари келган. Жамоалар миллий фан олимпиадалари асосида шаклланган. Ташкилотчилар таъкидлашича, беллашув ўқувчилар орасида физика-математика фанларига қизиқишни ошириш, таълим муассасалари орасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашинувига хизмат қилади.
Самал Қуанбай, иштирокчи:
- Биринчи марта халқаро олимпиадада қатнашяпман. Беллашув юксак даражада ўтяпти. Олимпиадада ўз вилоятимизгина эмас, бутун Қозоғистон шарафини ҳимоя қиламиз. Рақобат жуда улкан.
Иляс Казимбек,
иштирокчи:
– Бу учинчи марта қатнашишим. Биринчи марта ютуқсиз қайтгандим. Ўтган йили кумуш медалга сазовор бўлдим. Жорий йилда, умид қиламанки, натижаларим яхшироқ бўлади. Умуман, топшириқлар қизиқарли эди. Уларнинг мураккаблиги борасида аниқ бир нима дея олмайман. Ўйлашимча, ечимларини билмайман, лекин ўзимнинг ҳозирги ҳолатимда энг яхшисига умид қиламан.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

