«Золушка» янгича шаклда. Балетнинг жаҳон премьераси «Астана Опера»да бўлиб ўтди. Эртакнинг ўзига хос талқини, нозик юмор мўллиги томошабинга бош қаҳрамонлар образига бошқача ракурсдан туриб қараш имкониятини берди. Золушка замонавий қизга айланди, у либослар дизайнери сифатида ўз-ўзини ривожлантиришга уринади, унинг севгилиси Шаҳзода эса композитор ва диджей образида кўринади. Янги постановка – сюжетни модернизация қилиш, томошабинга умумқабул қилинган ва эскирмайдиган маънавий туйғулар – муҳаббат ҳамда орзуга эришишга интилиш барча ҳаётий қийинчиликлардан устун эканлигини кўрсатиб беришдаги муваффақиятли уриниш. Постановкачи хореограф Раймондо Ребек турли ёшдаги томошабинларга мўлжаллаб, бутунлай янги асар яратган. Янги версияда классика жаз, поп ва бошқа замонавий мусиқий услублар элементлари билан аралашиб кетган.
Гаухар Усина, «Астана Опера» театри етакчи балет яккахони:
- Ғоя янгичасига очиб берилган. Шу боис уни кўриш керак. Уни яшаб ўтиш керак, биз билан бирга ҳис қилиш лозим. Биз сизга ушбу спектаклда юксак ҳиссиётларни тақдим этамиз. Таассуротсиз қайтмайсиз. Ҳар бир одам ўзидан ниманидир топади, мен жуда мамнунман, театримизда шундай янги, замонавий балет спектакли яратилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси