Астанада Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги кўп асрлик тарихий-маданий алоқаларни,
туркийлар маданий меросини ўзида акс эттирган кўргазма очилди. «Яссавийдан Юнус Эмрегача»
кўргазмаси экспозициясида қозоғистонлик ёш рассом
Алдияр Ауесбековнинг 25 та каллиграфик иши намойиш этилган. Улар буюк мутафаккирлар - Хожа Аҳмад Яссавий ва
Юнус Эмренинг гуманизм ғояларига асосланган фалсафий қарашлари тақдим этади. Бадиий образлар орқали муаллиф Буюк
Даштдан Анатолиягача бўлган халқларнинг қадриятлари узвийлигини
кўрсатган.
Кўргазма Юнус Эмре номли турк маданияти маркази томонидан ташкил этилди. Лойиҳа икки давлат ижодкорлари ва маданий арбоблари
учун мулоқот майдончасига айланган.
Алдияр Ауесбеков, асарлар муаллифи:
- Мени Юнус Эмре
ижоди, Хожа Аҳмад
Яссавий трактатлари илҳомлантирди.
Материалларни ўрганарканман, инсониятга бўлган
муҳаббатни назмий мисралар орқали узатиш улкан санъат эканлигини тушундим. Уларнинг ғояларини холстда идрок этиш,
қайта талқин қилишга интилдим. Картиналарда ишлатилган қора,
қизил ва бошқа ранглар ҳам ўз мазмунига эга.
Зульфи Томан, Туркиянинг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси маданият бўйича маслаҳатчиси:
- Ёш авлод ўз тарихи ва маданиятини яхшироқ билиши учун
шундай тадбирлар ташкил қилинади. Бугунги кунда
кўплар вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказиши сир эмас. Шунинг учун ҳам улғайиб келаётган ёшларга маънавий
қадриятларимизни тақдим этишимиз жуда муҳим.
Абдумалик Сарманов таржимаси

