Пойтахтдаги «Астана Опера» театри кичик зали эндиликда «қозоқ булбули» – машҳур опера яккахони Куляш Байсеитова номи билан аталади. Мана шу воқеа муносабати билан бугун ушбу залда «Қозоқ булбули» деб аталган тантанали концерт ташкил қилинади. Унда мамлакатнинг хизмат кўрсатган санъаткорлари, арбоблари, турли халқаро танловлар совриндорлари иштирок этади. Бундан ташқари, театр фойесида кўргазма очилади, ундан яккахон ижрочининг қизи Қарлиғаш Байсеитова тақдим этган, санъаткор архивида сақланган фотосурат ва ташаккурномалар жой олган.
Қарлиғаш Байсеитова, Куляш Байсеитованинг қизи:
- Ёз давомида Москва, Ленинград, Киевга, онам қаерда бўлса – ўша жойга борардик. Онамни «Даиси» операсида қатнашиш учун Палиашвили номли театрга чақиришган, у ерга ҳам борганмиз. У қозоқ тилида Маро ариясини куйлаган, грузинлар эса грузинча ижро этган, онам: “қўл-оёқларим қалтирарди, лекин аҳволимни билдирмаганман”, деганди. Мен санъаткорлар онам каби камтар бўлишини, улар куйлаганида зал жон қулоғи билан тинглашини истардим.
Шуни ҳам айтиш лозимки, Куляш Байсеитова атиги 24 ёшида улкан ютуқларга эришган, СССР халқ артисти унвонини олган. Иқтидорли яккахон хонанда номи бутун Иттифоққа, дунёга таралган. Ҳозир ҳам унинг машҳур қўшиқ ва композициялари барҳаёт, жаҳоннинг турли саҳналарида мунтазам янграяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси