Астанада Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуасининг
энг яхши ҳужжатли фильмларини томоша қилиш мумкин. Мамлакатнинг бугунги тарихи,
жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи картиналар
«Хроникадан келажакка» республика кинолекторийси доирасида намойиш қилинмоқда.
Кенг кўламли маърифий лойиҳа пойтахт томошабинига бир нечта асарлар билан
танишиш имкониятини беради. Шулардан бири - «Орол». Фильмда бутун умр Орол
денгизи ёнида яшаган балиқчи Кунтуған Турғинбаев тўғрисида сўз боради. Картинада
қаҳрамон орқали экологик фожиа оқибатлари, аҳолининг минтақа қайта тикланишига
бўлган умиди акс эттирилган.
Кунтуған
Турғинбаев, "Орол" фильми бош қаҳрамони:
– Орол денгизини
қайта тиклаш керак. Одамларга сув зарур. Юртдошларим номидан Оролни қутқариш
учун бор имкониятини ишга солаётган Президентимизга миннатдорлик билдираман. Бу
ишлар натижасини биз кўрмасак, болаларимиз, невараларимиз кўрар. Шу умидни
асраймиз.
Ақилбек
Шалжанов, Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиомажмуаси Ҳужжатли кино
маркази директори:
– Бу фақат Оролбўйида яшовчиларнинг эмас,
балки бутун давлат, шунингдек, жаҳон экологиясининг муҳим муаммоси. Давлат
раҳбари бу масалани ҳамиша алоҳида назоратда тутади. Мақсадимиз –
томошабинларни ҳужжатли кинога жалб қилиш, бу жанрни катта экранга қайтариш.
Бугун кинотеатрларда асосан бадиий фильмлар кўрсатилади, бироқ ҳужжатли фильмлар
ҳам кенг аудиторияни қизиқтира олади, мамлакатимиз, унинг одамлари ҳақида
ҳаётий воқеаларни сўзлаши мумкин.
Каспий денгизидаги оролда жойлашган гидрометеорология станцияси бошлиғининг
тақдири ва кечинмалари аудиторияда улкан таассурот қолдирди. «Кулали оролидаги
инсон» фильмида Президент
Телерадиомажмуаси Ҳужжатли кино маркази тасвирга олиш гуруҳи ҳаётининг
катта қисмини она ердан олисда, тўла изоляцияда ўтказган одамнинг ўзига хос
ўтмишини муҳрлаган. Пойтахт аҳли ва меҳмонлари «Кучли ҳамкор» фильмини ҳам
томоша қилди. Унда давлатимиз раҳбарининг Кунчиқар юртга ташрифи, шу билан
бирга, ўтган йили Токиода бўлиб ўтган "Марказий Осиё+Япония" саммити
ҳақида ҳикоя қилинган.
Бақтиғали Иғали,
мактаб ўқувчиси:
– Фильмда
Қозоғистон ва Япония орасидаги сиёсий муносабатлар ҳақида сўз кетади. Юртимизда
нималар юз бераётгани, давлатлар орасида қандай алоқалар йўлга қўйилаётганини
билиш зарур. Картина ҳаммага, айниқса, ёшлар аудиториясига фойдали. Менга ва
дўстларимга жуда ёқди.
«Хроникадан
келажакка»
кинолекторийси Қозоғистоннинг 20 шаҳрини қамраб олади. Намойишлар вилоят
ҳокимликлари кўмагида ўтказилади, кенг кўламли лойиҳа 25 сентябрда Алматида
якунланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

